“Фавворалар сайли”да коллеж ўқувчилари фаввора суратини чизди
Бугун Самарқанд шаҳридаги Кўксарой, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Руҳобод майдони, Регистон ва Даҳбед кўчаларининг чорраҳаси, Шоирлар боғи, Университет хиёбони, Темир йўл вокзали, вилоят мусиқали драма театри майдонларида фавворалар сайли ўтказилди.
Эрта тонгдан Кўксарой майдонида жойлашган фавворалар атрофидаги сайил ҳам шундай шукуҳ билан бошланди. Тадбирда касб-ҳунар коллежларининг ёш истеъдодли ижрочилари ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар кўпчиликни қизиқтирди.
Фавворалар атрофида ташкил этилган саҳнада “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими, “Баркамол авлод” маркази аъзолари, шаҳар ва туман болалар мусиқа ва санъат мактаби, Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари, бадиий жамоалар ўз чиқишлари билан тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
- Самарқанд ҳақида эшитардим-у, тасаввуримда кичиккина шаҳардек эди, - дейди қозоғистонлик сайёҳ Шўлпан Худайбергенова. – Бугун келиб, Самарқанд жуда бой тарихга, маданий меросга, юзидан табассум аримайдиган меҳмондўст халқига эга ҳудудлардан бири эканлигига амин бўлдим. Саёҳатимиз айни байрам кунига тўғри келганлиги бизни хурсанд қилди. 1 май Қозоғистонда халқлар дўстлиги куни сифатида нишонланади. Сизларда фавворалар байрами экан. Эътибор берганим, шаҳардаги фаввораларнинг ҳеч қайси бир-бирини такрорламайди.
Вилоятимиздаги 50 га яқин катта-кичик фавворалар атрофи одамлар билан гавжум. Бир томонда истеъдодли ёш рассомлар фаввораларнинг гўзал аксини қоғозга муҳрлаётган бўлса, бир томонда янграётган оҳангларга жўр бўлаётган ёшлар, рақсга тушаётган болажонлар. Барча бирдек хуш кайфиятда. Худди шундай сайиллар вилоятимизнинг Паст Дарғом, Ургут, Пайариқ ва Нуробод туманларида ҳам ўтказилди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.