Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг, 500 000 сўм берилаётгани ҳақидаги фейк-хабарларга ишонманг!

Ягона интерактив давлат хизматлари портали телеграм канали турли тармоқларда фирибгарлар томонидан ёлғон маълумотлар тарқатилаётгани ҳақда хабар берилди.

"Ижтимоий тармоқларда My.gov.uz логотипи ҳамда давлат раҳбарининг фотосуратидан фойдаланган ҳолда сохта “Единый Портал Узбекистана” саҳифаси очилиб, ҳар бир фуқарога 500 000 сўмдан берилаётгани ҳақида ёлғон ахборотлар тарқатилмоқда.

Мазкур хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди ва юртдошларимизни бу каби ёлғон маълумотларга ишонмасликка чақирамиз.

Фирибгарлар бу усулдан фойдаланиб фуқароларнинг пластик карталаридан пул ўғирлашни режалаштиришган бўлиши мумкин.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ҳақида ишончли маълумотларни унинг расмий веб-сайтидан олиш мумкин", дейилади хабарда.