Фирибгарлик ва “чув” тушиб қолиш. Бу икки ҳолат кўпайишига нима сабаб бўлмоқда?

Кейинги пайтда фирибгарлик жинояти борган сари кўпайиб бормоқда. Табиийки, ундан жабрланганлар сони ҳам кам эмас. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари ҳам қайд этилмоқда. Жумладан, энди кунда-кунора ахборот технологиялари, интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳақида эшитяпмиз.

- Сизга пул ўтказамиз, дея пластик картамнинг рақамларини сўрашди, - дейди танишларимдан бири. - Орадан кўп ўтмай ундаги 10 миллион сўмдан кўпроқ пул “ечиб олинган”ини билиб қолдим. Шу пайтнинг ўзида бу ҳақда тегишли идораларга хабар бердим. Бироқ фирибгар бошқа давлатда туриб пулларингизни ўзлаштирган, чора кўролмаймиз, дейишди...

Умуман, бундай воқеалар кейинги пайтда янгилик бўлмай қолди. “Чет элга ишга жўнатаман”, “Ўқишга киритиб қўяман” каби алдовлар билан одамларнинг ишончига кириб, пулларини ўзлаштириб юборилганига ҳам кўп гувоҳ бўляпмиз.

Мол-мулкка тажовуз

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, “хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир”. Унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.

Бундай ҳуқуқбузарликлар жиноят қонунчилигига кўра қуйидаги шаклларда фарқланади: 1) босқинчилик; 2) товламачилик; 3) талончилик; 4) ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш; 5) фирибгарлик; 6) ўғирлик.

Кўриниб турганидек, фирибгарлик — иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига киради. Жиноят кодексининг 168-моддасида ушбу жиноятга таъриф берилган. Унга кўра, фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишдир.

- Судларда фирибгарликка оид жиноят ишларини кўриш амалиёти таҳлилларидан маълум бўлишича, фирибгар содда ва ишонувчан одамларни алдаб, уларнинг ишончини қозонади, - дейди вилоят суди раиси ўринбосари Толиб Бойзоқов. - Оқибатда жабрланувчи пул ёки мулкини қўли билан унга беради. Вилоятимизда ҳам бу турдаги жиноятлар йил сайин ортиб бораётгани хавотирли, албатта.

Статистика нима дейди?

ИИБ тақдим этган маълумотларга кўра, фирибгарлик жинояти каррасига кўпайиб бормоқда. Жумладан, 2020 йил январь-октябрь ойларида вилоят бўйича пул олди-бердиси билан боғлиқ 369 та фирибгарлик жинояти рўйхатга олинган бўлса, 2021 йилнинг мос даврида бу рақам 649 тани ташкил этган.

Статистик маълумотлар билан танишар экансиз, фирибгарлик жиноятининг содир этиш услублари ҳам диққатни тортади. Негаки, 2021 йилнинг 10 ойи давомида компьютер технологияси орқали содир этилган фирибгарликлар (32) ўтган йилги чет элга ишга жўнатиш билан боғлиқ товламачилик (37) билан қарийб тенглашган. Ўқишга киритишга доир алдовлар сони ҳам “ўсиш”дан тўхтамаяпти: 2020 йилда 20 та, жорий йилда 56 та.

Ачинарлиси, жорий йилда 64 та фирибгарлик ҳолати хотин-қизлар томонидан содир этилган. Шунингдек, 105 та фирибгарликни ишламайдиган шахслар амалга оширган.

Маълумотлардан баъзи шахслар фирибгарликни “касб қилиб олган”микан, деган ўйга тушади одам. Чунки, жорий йилнинг ўтган даврида 82 ҳолатда муқаддам судланганлар томонидан фирибгарлик жиноятига қўл урилган. Бошқача айтганда, «жазоланганлар» жазо муддатини ўтаб қайтгач эски “иши”ни давом эттирган.

Жиноятга жазо бор

Албатта, фирибгарлик жиноятининг салмоғи ортиб бораётгани бугун ёки ўтган йили бошланган эмас. Бу “тенденция” анча аввал бошлангани учун 2016 йил 26 декабрдаги қонун билан Жиноят кодексининг 168-моддасидаги жавобгарлик оғирлаштирилганди. Шунингдек, Олий суд пленумининг фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори янгидан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган.

Аслида қайд қилинган модда тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50-100 баравари миқдорида жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Иккинчи қисмида анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар ёки компьютер техникасидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун БҲМнинг 100-300 бараваригача жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Учинчи қисмида кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун 300-400 баравар жарима, 2-3 йил ахлоқ тузатиш ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Тўртинчи қисмида жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик учун 400-600 бараваригача жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Кўриниб турибдики, фирибгарликни содир этган (лар) қилмишига яраша жазо олиши аниқ. Аммо фирибгарлик жинояти ортидан сарсон бўлаётган жабрланувчиларнинг йўқотган ҳаловатини топиб беришнинг имкони, механизми йўқ. Хўш, нима қилиш керак?

- Халқимизда “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма” деган нақл бор, - дейди нуронийлардан бири. - Фирибгар алдовига учиб, панд еб қолмаслик учун дуч келган одамга ишониб, мол-мулкни унинг қўлига топшириш керак эмас. Аксинча, ўзига ҳушёр бўлиш, ҳар бир ишни қонун асосида бажариш лозим. Илло, “самимий ва содда бўл, аммо гўл бўлма”, деган гап ҳам борлигини унутиб бўлмайди.

Айтилган, аммо унутилган қадрият

Минг йилларки ислом динига амал қилиб, шариат қонунлари асосида яшаб келаётган халқимиз орасида фирибгарлик кўпайиб бораётгани замирида ўзлигимизни унутиб қўяётганимиз сабабмасмикан?! Негаки, айтишларича, буюк бобокалонимиз Имом Бухорийдан келган ҳадисда ислом дини ўн қисмга бўлиниши, унинг тўққизтаси ҳалол ризқ топишдан иборатлиги баён қилинган экан. Дарҳақиқат, уламоларнинг маълум қилишича, динимизнинг муҳим амалларидан бири бўлган беш вақт намозни адо этиш учун суткада бир соат кифоя қиларкан. Яъни, чин мўмин кишининг ҳам бир кунлик вақтининг жуда катта қисми оддийроқ айтганда, ризқ топишга сарфланаркан.

Қуръони каримда «Молларингизни ўзаро ораларингизда ботил йўл билан еманглар», деб буюрилган. Имом-домлаларнинг айтишича, ботил йўлга барча ҳаром ишлар: алдов билан тортиб олиш, ўғрилик, қимор, рибо, судхўрлик кириб кетади. Бундан кўринадики, фирибгарлар бўлмаслиги, содда, ишонувчан кишиларнинг мулки талон-торож қилинмаслиги учун жамиятда ҳалоллик вакцинаси зарур. Азал қадриятимиз бўлган бу тушунча кейинги йилларда эътиқодимиз сустлашгани ва бошқа сабаблар билан ёддан чиқди. Шу сабаб у юқори минбардан ҳам тилга олинди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари 2020 йилда йўллаган мурожаатномада коррупция иллати ҳақида тўхталиб, “Ҳеч қандай жазо, ҳеч қандай хавф бунинг олдини ололмаган. Бунинг ягона йўли – "ҳалоллик вакцинаси", дея таъкидлаган эди. Шунингдек, бу вакцина бизда бор эканлигини қайд этган: “Очкўзликни, ебтўймасликни фақат маърифат билан енгиш мумкин-да. Миллатнинг юзлаб йиллар давомида йиққан билими, тажрибаси, маънавий қадриятлари, албатта, "ҳалоллик вакцинаси"ни пайдо қилиш учун етарли бўлади”.

Саволлар бисёр, жавоблар эса ...

Балки, бизга шундай туюлаётгандир, аммо давлат раҳбари айтган ҳалоллик вакцинаси мурожаатномадан кўп ўтмай унутилгандек. Чунки, биринчидан, фирибгарлик ҳолатлари статистикаси “ўсишдан” тўхтамаяпти.

Мисол учун, Оқдарё тумани ҳокимлигининг собиқ ходимига 7 йил қамоқ жазоси тайинланди. Нега? У хизмат ваколатига кирмаса-да, бошқа фуқароларга фермер хўжалигининг 1 гектар ерини 50 минг доллар ва 1 та “Нексия” автомашинаси эвазига ҳужжатлаштириб бермоқчи бўлган.

Бундай ҳолатларнинг туб илдизида кишиларнинг тез ва осон бойиш илинжи ётибди. Афсуски, бунга жамиятда ҳар қадамда “рағбат”ни кузатиш, гувоҳи бўлиш мумкин. Мисол учун, кундан-кунга оммалашиб бораётган ютуқли телешоулар, турли лотерея ўйинлари четдан қараганда кўнгилочар дастур, оддий эрмак ёки мижоз жалб этишнинг бир йўли сифатида кўрилади. Аммо моҳиятан буларнинг бари аслида динимизда тақиқланган қимор ўйинининг ўзи эмасми? Булар орқали ўзганинг ҳисобидан бойиш - фирибгарлик тарғиб этилмаяптими?

Албатта, интеллектуал ютуқли ўйинларни улар билан солиштириб бўлмайди. Инсон билими, тафаккури ва фикрлаши орқали ютуққа эришишини тарғиб қилиш, рағбатлантириш кишиларни ўз устида ишлашга, сабр-­тоқат билан илм эгаллаб, ҳалол йўл билан фаровон ҳаётга интилишига даъват этади.

Дарвоқе, шу ўринда айтиб ўтиш лозим, фирибгарликдан жабр кўрганларнинг қай бири билан суҳбатлашсангиз уларнинг барчаси мол ё мулкини қўшқўллаб топширганини айтади. Улар, шунингдек, аксарият ҳолларда мақсадга қандай бўлмасин эришишни истаб шу кўйга тушади. Ўйлаб кўрайлик – фирибгарлик кўпайишига ўзимиз ҳам сабабчи бўлиб қолмаяпмизми?

Ё.Марқаев.