Фирибгарликнинг кўпайиши, ноқонуний қарорлар, жазодан қутулиб қолишга уриниш...
Самарқанд вилояти судининг 2023 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида судларда кўрилган шу ва бошқа қонунбузарликларга оид фактлар, одил судловни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир аввалида журналистлар вилоят суди биноси ҳамда судьялар фаолияти билан таништирилди.
2011 йилда фойдаланишга топширилган бинонинг лойиҳаси айнан суд ишига мослаштирилган. Унда судьялар, уларнинг ёрдамчилари, мурожаатчилар учун зарур барча шароитлар бор. Суд заллари ишни онлайн кўриш имконини берувчи қурилмалар билан жиҳозланган.
Матбуот анжуманида Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов ҳамда унинг ўринбосарлари мавзу бўйича маълумот берди. Таъкидланганидек, ўтган йили вилоятдаги жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жами 6345 нафар шахсга нисбатан 5163 та жиноят иши кўрилган. Шундан 3850 та иш бўйича 4946 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилиб, 1381 нафар шахсга нисбатан 1294 та иш тугатилган. Судланган шахсларнинг 505 нафарини аёллар, 1698 нафарини ёшлар, 137 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади.
Шу даврда вилоят судларининг барча инстанцияларида 9 та жиноят иши бўйича 11 нафар шахс оқланган. 1232 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 1306 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Бироқ таҳлиллар ўтган йилда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жинояти билан судланганлар 2022 йилга нисбатан 51 нафарга, фирибгарлик бўйича 51 нафарга, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш бўйича 78 нафарга кўпайганини кўрсатмоқда.
— Дарҳақиқат, кейинги йилларда судларда кўрилаётган фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар салмоғи кўпайди, - дейди О.Ҳайитов. - Шундай ҳолатлар бўлдики, айбланувчи томон даъвогарларга пулни бир ҳафтада қайтариб беришини айтиб ярашади ва қонун талабларига кўра суд иши томонларнинг илтимоси билан тугатилади. Аммо орадан вақт ўтиб, фирибгар фуқароларни иккинчи маротаба алдагани маълум бўлади. Шу боис судлар томонидан айни жараёнда фуқароларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, такрорий жиноятларнинг олди олинмоқда.
Журналистлар масаланинг иккинчи томони, яъни фирибгарлик учун белгиланган жазо чораси ва яраштирув институтининг самарадорлиги масаласини кўриб чиқиш таклифи билан чиқди. Қонунбузарнинг етказган зарарни қоплаб, жазодан қутулиб қолаётгани шу турдаги жиноятлар сонининг ортишига хизмат қилаётгани тахмин қилинди. Масъуллар бу бўйича ўрганиш ишлари олиб борилгани ҳамда Олий судга тегишли таклифлар киритилганини маълум қилишди.
Тадбир доирасида вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев иштирокида брифинг ҳам бўлиб ўтди.
Унга кўра, ўтган йили маъмурий судларда туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 471 та иш кўрилган. Шундан 219 та қарор ҳақиқий эмас деб топилган. 16 ҳолатда қурилиш бўлими мансабдор шахслари, 64 ҳолатда солиқ идоралари мансабдорларининг хатти-ҳаракати қонунга хилоф деб топилган. Ўз навбатида апеляция инстанцияларида кўрилаётган ишлар 24 фоизга ошган.