Фотосуратларни тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган шахс ушланди
22 январь куни Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи номига шаҳардаги "Ёшлар" маҳалласида яшовчи Р.М. ариза билан мурожаат қилган.
Аризада 2019 йилнинг декабрь ойидан 2021 йилнинг август ойига қадар А.Ш. у билан яқин муносабатда бўлиб юрганлигини, улар ўрталарида муносабатлари бузилганидан сўнг А.Ш. унинг сир бўлиб қолишни истаган фотосуратларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, уйдагиларига олиб бориб кўрсатиш билан қўрқитиб, ушбу фотосуратларини ошкор қилмаслик эвазига 450 АҚШ доллари талаб қилиб келаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида А.Ш. Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида жойлашган “Буюк ҳумо” ресторани ёнида фуқаро Р.М.дан талаб қилинган 450 АҚШ долларидан махсус кимёвий ишлов берилган 250 АҚШ доллари ва 500.000 сўм пулларни олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, пул маблағлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги иергов бўлими томонидан А.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.Ш. жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.
Тергов жараёнида А.Ш. Россия Федерациясига кетиш учун пул зарур бўлиб қолганлиги сабабли ушбу жиноятга қўл урганлигини маълум қилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.