“Одноклассники” ижтимоий тармоғидаги товламачи ушланди

Самарқанд шаҳрида яшовчи 36 ёшли З.Н. ариза билан мурожаат қилиб, “Одноклассники” ижтимоий тармоғида жойлаштирган фотосуратларини номаълум шахс юклаб олиб, уятли расмлари борлигини айтиб пул талаб қилаётганлигини маълум қилган.

Олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахс, муқаддам судланган, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 35 ёшли Т.У. эканлиги аниқланган. 

Т.У. “Одноклассники” ижтимоий тармоғида З.Н. жойлаштирган фотосуратларини юклаб олган ва махсус дастурларда ишлов бериб, ушбу уятли фотосуратларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбормаслик эвазига 6.500 доллар, 1 дона "Apple iPhone 13 Pro" ва 1 дона эркаклар тилла занжири талаб қилган.

Ҳолат юзасидан, Т.У.га нисбатан Жиноят Кодексининг  168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Т.У. томонидан содир этилган жиноий ҳаракатлар  учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.