Фуқароларни 3 йилдан буён Исроилга ишга жўнатишни ваъда бериб келаётган аёлга жиноят иши қўзғатилди
Самарқанд туманида яшовчи 28 ёшли М.Ш. Самарқанд шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, шаҳардаги Садриддин Айний маҳалласида яшовчи 42 ёшли И.Д.(аёл) уни Исроил давлатига ишлашга юборишини ваъда қилиб, 2019 йил ноябрь ойидан 2021 йил январь ойига қадар бўлиб-бўлиб, жами 14 100 АҚШ долларини олганлигини баён қилган.
"Бироқ, - деб ёзган у, - шу кунга қадар И.Д. мени Исроил давлатига юбормасдан, пулларимни қайтариб бермай алдаб келяпти. Шу сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришлигингизни сўрайман".
Бундан ташқари, Самарқанд тумани Қўшмасжид маҳалласида яшовчи 36 ёшли Д.У. ариза билан мурожаат қилиб, И.Д. (аёл) уни ҳам Исроил давлатига ишлашга юборишини ваъда қилиб, 2019 йил декабрь ойидан 2020 йил январь ойига қадар бўлиб-бўлиб, жами 10 000 АҚШ долларини олганлигини, бироқ шу кунга қадар уни алдаб келаётганлигини ёзиб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлари (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.