Самарқандда фуқароларни Мексика орқали АҚШга юбормоқчи бўлган жиноий гуруҳ аъзоси ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқароларни айланма йўллар билан АҚШга ноқонуний юбораётган жиноий гуруҳ аъзоларидан бири қўлга олинди.

Маълум бўлишича, 1995 йилда туғилган, Бухоро шаҳрида яшовчи М.Ф. фуқароларни ноқонуний йўллар орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган. У навбатдаги “мижози” – самарқандлик фуқарони АҚШга юбориш учун 15.000 АҚШ доллари сўраган. Тезкор тадбир чоғида М.Ф. ушбу пулдан 3.000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.