“ФВБ бошлиғи депутатларга ҳисобот бермади”. Пайариқлик депутатлар маҳаллий бюджет лойиҳасига таклиф тайёрлаяпти

Депутат сифатида сайланган округимдаги фуқаролар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб тураман. Фаолиятим доирасида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг 20 га яқинига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилган. Шунингдек, 30 га яқин мурожаат юзасидан депутатлик сўровлари чиқарганман ҳамда 10 га яқин мурожаат билан бевосита иш олиб борганман.

Мен фаолият олиб бораётган Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссияда туман ФВБ бошлиғининг ҳисоботи эшитилмай қолган. Режага кўра, ёнғин хавфсизлиги борасида амалга оширилган ишлар бўйича ФВБ бошлиғи ҳисобот бериши керак эди. Бироқ, мутасадди томонидан бу масалага лоқайдлик қилинганлиги сабабли бу кейинги йилга қолди.

Умуман, партия депутатлик гуруҳимиз томонидан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Ғ.Бойзоқовнинг ҳисоботи эшитилган. Масала юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, Кенгаш сессиясига олиб чиқилган ҳамда қарор билан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилган.

Қарийб 2 йилдирки, депутатлар маҳаллий бюджетни тасдиқлаяпти. Табиий савол туғилади: бизнинг доимий комиссияси вилоятнинг 2022 йилги бюджети учун қандай таклиф киритмоқчи, партия депутатлик гуруҳи-чи?

Пайариқ тумани ҳудудида маҳаллий бюджет маблағлари асосида жорий йилда “street workout” майдончалари ташкил этилди. Бу аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилишларида муҳим омил бўлмоқда. Вилоятнинг келгуси йил бюджети учун бундай қулайликни барча туманлар ва қўшимча равишда олис ҳудудларда ташкил этиш таклифини киритмоқчимиз.

Давлат раҳбари депутатларни жамият ҳаётида фаол бўлишга чақирмоқда. Кўпинча бунинг учун уларга яна қандай ҳуқуқ ва ваколатлар берилиши керак, деб мендан сўраб қолишади.

Албатта, бугунги кунда депутатларга фаолиятини олиб бориш учун етарли ҳуқуқ ва ваколатлар берилган. Аммо уларнинг жамият ҳаётида янада фаол бўлиши учун доимий иш жойи ва ўрнатилган тартибда ҳақ тўлаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Жамшид Ахунов,

халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгаши котибияти мудири.