G20га старт берилди: "дунё тартиби" ғалаёнлари даврида пайдо бўлган бирлашув мақсади нима эди ва нималар кўзланмоқда?
G20 давлатлари гуруҳи 1999 йилда Осиёни қамраб олган, жаҳон иқтисодиётини заифлаштирган молиявий инқироз фонида пайдо бўлган. Барқарор ўсиш учун шароит яратиш ва молиявий инқирозлар хавфини камайтириш бирлашиш мақсади бўлди. Биринчи саммит 2008 йилнинг ноябрида Вашингтонда бўлиб ўтган эди.
Дунё ва "дунё тартиби" деб аталмиш ғалаёнлар даври бошланди: 2008 йилнинг ёзида, 1929 йилдаги Уолл-стрит ҳалокатидан бери энг оғир молиявий инқироз бошлангани етмагандек, Россия Грузияга бостириб кирди, беш кунлик уруш Европа Иттифоқи воситачилигида тўхтатилди.
G20 мамлакатлари гуруҳи ушбу блокка аъзо бўлган ва дунёнинг 60 фоиз аҳолиси истиқомат қилувчи ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар раҳбарларининг учрашувлари учун умумий платформа сифатида ишлаб чиқилган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, улар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 80% дан ортиғини ва жаҳон савдосининг 75% дан ортиғини ташкил қилади.
Асосий ғоя ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги қонун устуворлиги тамойиллари, ижтимоий ҳуқуқларни таъминлаш ва экологик стандартларга риоя қилиш бўйича тафовутларни камайтириш, шунингдек, ҳуқуқий тўсиқларни бартараф этиш орқали глобаллашувга кўмаклашишдан иборат.
Сўнгги даврда демократик давлатлар манфаатлари Хитой ва Россия каби авторитар тизимлар манфаатлари билан тўқнаш келди.
Кредит ва қарз инқирози, ковид пандемияси ва Украинадаги уруш глобаллашувни боши берк кўчага бошлади. Си Цзинпин Хитойда ҳокимият тепасига келганидан кейин кўп нарса ўзгариб, ўзидан олдинги Ху Цинтао томонидан олиб борилган очиқ эшиклар сиёсатини бекор қилди.
Бугун Индонезия раислигида Нуса Дуа шаҳрида дунёнинг йирик иқтисодиёти етакчилари давом этаётган Россия-Украина уруши, АҚШ ва Хитой ўртасидаги зиддият, глобал инфляция ўсиши ва сайёрамизнинг қатор минтақаларида энергетика инқирози фонида “Бирга юксаламиз, кучлироқ бўламиз” шиори остида йиғилади.
Учрашув давомида дунёнинг йирик иқтисодиёти етакчилари соғлиқни сақлаш, барқарор энергияга ўтиш ва рақамли трансформация масалаларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Саммитда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон иштирок этиши кутилмоқда.
Саммитида қатнашмайдиган ягона етакчи Россия президенти Владимир Путин бўлиши, мамлакатдан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегация иштирок этиши маълум қилинган.
Ўз навбатида, аввалроқ Россиянинг G20 дан чиқарилишини талаб қилган Украина президенти Владимир Зеленский ўтган ҳафта Россия президенти у ерга келса, саммитда ҳатто видеоконференция форматида ҳам қатнашмаслигини айтди. Бугун унинг онлайн тарзда нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Йиғилиш кун тартибидаги энг муҳим мавзулардан бири Украина ва Россия ўртасидаги уруш мавзуси бўлади.
Шунингдек, Европада энергия нархларининг ошиши фонида кўплаб давлатлар энергия инқирозининг аҳолига таъсирини камайтириш мақсадида ҳаракат бошламоқчи.
Г.Холдорова тайёрлади.