Ғаллани қўнғир занг касаллигидан сақланг

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Паст Дарғом тумани бўлими фитосанитар давлат назорати инспекторлари ғалла зараркунандаларига қарши курашиш мақсадида ҳар бир ҳудудга бириктирилди ва ғалла экилган 17 минг 936 гектар майдон доимий назоратга олинди.
Хусусан, жорий йилги шароитдан келиб чиқиб, нам об-ҳавонинг кўпайиши натижасида қўнғир занг касаллиги ғаллага тушишининг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиляпти.
Хўш, қўнғир занг қандай касаллик?
Бугунги кунда Ўзбекистонда қўнғир занг касаллиги бошоқли дон экинларида анча кучли ривожланиши кузатилади. Бу занг айрим далаларда деярли ҳар йили учраса ҳам, одатда у сариқ зангга нисбатан кеч, апрель ойи охири – май ойларида пайдо бўлади, кучли ривожланмайди ва шу сабабдан буғдой ҳосилига катта зарар етказмайди. Қўнғир занг туфайли буғдой ҳосили йўқотилиши фақат айрим мавсумларда ва баъзи далаларда кузатилиши мумкин.
Сариқ занг ҳосилнинг 58-85 фоизини, қўнғир занг 45-50 фоизини ва поя занги 85-90 фоизини нобуд қилиши мумкин. Қўнғир занг касаллигининг ҳосилдорликка таъсири 12 та ғалла навида кузатилади. Шундан 4 таси назорат ва 3 таси буғдойнинг янги нави ҳисобланади.
Жойларда бўлимимизнинг фитосанитар давлат назорати инспекторлари ғаллакорлар билан биргаликда қўнғир занги касаллигига қарши зарур агротехник тадбирларни олиб боряпти ва фермер ҳамда агрономларга керакли тавсияларни бермоқда.
Одилжон Шомуродов,
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг Паст Дарғом тумани бўлими фитосанитар давлат назорати инспектори.