Геоматика муҳандислиги кафедрасининг филиали ташкил этилди
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори Чидем Туркйилмаз ва Республика аэрогеодезия маркази Самарқанд ҳудудлараро бўлинмаси деректори Равшан Ҳотамов ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
2023 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида “Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматлари сифатини яхшилаш бўйича келгусида устувор вазифалар тўғрисида”ги кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баённомаси ва Республика Президентининг 2024 йил 18 январдаги ПФ-16-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида, 2024 йил январида Республика аэрогеодезия маркази Самарқанд ҳудудлараро бўлинмасида Геоматика муҳандислиги кафедрасининг филиали ташкил қилинди.
Эндиликда ушбу филиал орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2024 йил 20 июнь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 32-сонли баёнида кўрсатилган муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар ижросини амалга оширишда ҳамда мамлакатимизда муҳандис кадрлар тайёрлаш жараёнида юзага келаётган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш, “тармоқ-корхона-олийгоҳ” занжири асосида муҳандислик олий таълим муассасалари ва саноат тармоғи (ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлар)нинг ўзаро ҳамкорлиги таъминланади.
Янги ўқув йилидан бошлаб Республика аэрогеодезия маркази Самарқанд ҳудудлараро бўлинмасида Геоматика муҳандислиги кафедраси филиалида кадастр, геоматика муҳандислиги, геодезия, картография ва кадастр ҳамда геодезия ва геоинформатика таълим йўналишлари талабаларига фан-таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга оширишда дуал таълим йўлга қўйилади.
СамДАҚУ ахборот хизмати.