Гербимиздаги Ҳумо қуши, тоғ, дарё, қуёш нимани англатади?
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган. Ватаннинг ёрқин тимсолидир.
Шу рамзлардан бири Давлат гербидир. Герб — бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборат.
Давлатимиз герби 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган қонун билан тасдикданган. Шу сабаб, 2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун байрам сифатида қадрли ва унутилмас кунлардан бирига айланган.
Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса миллий бойлигимиз пахта чаноқлари қийғос очилган ғўза шохларидан иборат чамбаракка ўралганлиги ҳамда гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туриши акс эттирилган.
Гербнинг юқори қисмида ҳурлигимизнинг рамзи сифатида саккизбурчак, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз, марказида афсонавий Ҳумо қуши тасвирланган. Пастки қисмида юртимиз Давлат байроғини ифода этувчи чамбарак тасмасига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.
Биз учун суюк ва буюк ана шу заррин тасвирдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маънолар мужассам.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида ранглар жилосига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Ўзбекистон” ёзуви — олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда, чаноқлардаги пахта —оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, яримой ва юлдузлар — оқ рангда тасвирланган.
Гербда ўз ифодасини топган жаннатмакон диёримиз ҳусн-тароватига ишора этувчи манзаралардан тортиб, дарё, буғдой бошоғи, ғўза ва пахта чаноқлари халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидлари ифодаси, қуёш, ярим ой, юлдуз - жамиятимиз жипслиги белгиси, шунингдек, омад, ҳиммат, олижаноблик, эрксеварлик ва фидойилик рамзи бўлган афсонавий Ҳумо қуши — буларнинг барчаси миллатимиз, халқимиз ҳаёти, тарихи, руҳияти ва анъаналари билан чамбарчас боғлиқ тимсоллардир.
Тоғлар — юртимиз равнақи, истиқлолимизни таъминлаш ва халқимиз фаровонлиги, илму фанимиз, юксак маданиятимиз йўлида заҳмат чекиб, меҳнат қилган, ҳаттоки ўзларини фидо қилган ва бу йўлда фидойиликка тайёр инсонларнинг барҳаётлик сиймосидир.
Дарё — жаҳон тамаддуни ва илму фани ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган, математика, тиббиёт, ҳуқуқ, адабиёт, ҳарбий санъат, давлат бошқаруви, ислом илми ва қолаверса илм-фаннинг деярли барча аниқ йўналишлари булоқларини очган буюк аждодларимиз, уларнинг бебаҳо меросидан самарали фойдаланган ҳолда тараққиётимизга самарали ҳисса қўшаётган олиму фузалолар ва зиёлиларнинг салоҳиятлари тимсоли сифатида гавдаланади.
Қуёш – бой тарихга ва юксак маданиятга эга она халқимизнинг қалбидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик, меҳмондўстлик, бардавомлик, шунингдек, кўҳна ва навқирон заминимиздаги тўкин-сочинлик, ободончилик, фаровонлик рамзига ўхшайди.
Гербимизда марказий ўрин тутувчи афсонавий Ҳумо қуши рамзини халқимиз азалдан давлат қуши сифатида тасаввур қилиб келган. Заминимизда неча минг йиллар илгари пайдо бўлган афсоналарда Ҳумо гўзал қуш қиёфасидаги бахт, порлоқ тақдир ва бадавлатлик тимсоли ҳисобланган.
Давлат герби тасвири муҳрларда, жумладан божхона ходимларининг шахсий муҳрларида ва давлат идоралари, хусусан божхона органларининг махсус босма қоғозларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғоз ва облигацияларда, фуқаролик паспортлари ҳамда қонунда белгиланган бошқа ўринларда акс эттирилган.
Бу ўринда Давлат гербининг божхона органларидаги аҳамияти ҳам беқиёсдир. Гербимиз тасвири Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларидаги чегара ўтказиш пунктларида, чегараларга ўрнатилган сарҳад устунларда ҳам ўрнатилган.