Германия, Хитой, Украина, Афғонистон олий таълим муассасаларида ўзбек тили ўқитилмоқда
Тилшунос олимларнинг таъкидлашича, дунёда 3 мингдан ортиқ тил мавжуд. Ҳар йили беш-олтита тил йўқолиб бормоқда. Баъзан матбуотда фалон тилда гаплашувчи сўнгги миллат вакили оламдан ўтганлиги ҳақидаги хабарларга ҳам кўзимиз тушиб қолади. Собиқ шўролар даврида айрим тилшунослар талқинида иттифоқда ягона битта тил, яъни рус тили қолади, қолган тиллар йўқолиб кетади, деган пуч ғоялар яратилди.
Бу фикрларга қарши доғистонлик шоир Расул Ҳамзатов “Она тилим” шеърида “Агар жоним узилган бўлса, она тилим - авар тилида бирор сўз эшитсам, менга жон киради. Она тилим менинг ўлган танимга жон бағишлайди,” деган эди. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ҳам “Она тилим ўлмайди” шеърида шундай фикр билдирганди:
Эй воиз пастга туш,
Бу гап чиқди қаердан?
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан.
Ваъзингни қўй биродар,
Сен айтганинг бўлмайди.
Барча деди баробар:
Она тилим ўлмайди.
1999 йил ноябрь ойида ЮНЕСКО Бош Ассамблеяси 30-сессиясида Халқаро она тили кунини кенг нишонлашга келишиб олинди. Шундан буён ҳар йили 21 февраль дунё миқёсида “Халқаро она тили” куни сифатида кенг нишонланади. Бундан мақсад дунёдаги барча халқларнинг ўз миллий тафаккури, маънавияти, руҳияти асосини ташкил қилувчи она тилларини, унинг луғат бойлигини сақлашдан иборат.
Тил инсонларнинг маълум гуруҳларига хизмат қилиш баробарида миллат ва элатларнинг қадриятларини бир-биридан фарқлашга ёрдам берадиган асосий белги ҳисобланади. Канадада ҳукумат томонидан кам сонли ҳинду, эскимос каби миллат ва элатларнинг тили ҳамда ёзуви муҳофаза қилинади. Чунки тиллар йўқолиши билан давлат аҳамиятига эга бўлган халқ маънавияти ва маърифатига оид манбалар унутилиши мумкин экан.
Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. 140 дан ортиқ миллий маданий марказ, 16 та диний конфессияга мансуб 2 мингдан ортиқ диний ташкилот ишлаб турибди. Юртимизда яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилинмайди, уларнинг давлат тили билан бирга ўзларига мувофиқ тилда иш юритишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилган. Умумий ўрта таълим, махсус ва касб-ҳунар таълим муассасаларида таълим-тарбия ишлари еттита тилда олиб борилмоқда. Олий таълимда мутахассислар саккиз тилда тайёрланмоқда.
Тарихи бир неча асрларга тенгдош она тилимиз эса халқаро ҳамжамиятда ўзига хос ўрин ва мавқега эга. Унда ота-боболаримизнинг анъаналари мужассам. Турк ҳоқонлиги ва қорахонийлар, хусусан, темурийлар даврида юксакликка эришган тилимизни ҳазрат Алишер Навоий янада такомиллаштирди ва сайқаллаштирди.
Чор Россияси босқини ва шўролар ҳукмронлиги даврида она тилимиз турли йўллар билан камситилди. Аввало, миллат тараққиётини белгиловчи муҳим омиллардан бири бўлган ёзувимиз турли хил баҳоналар билан бир неча маротаба ўзгартирилди. Ўтган асрнинг бошларида мактабларда она тили сифатида турк ёки татар тили ўқитилишидан чўчиган шўро шовинистлари ўзларининг асл мақсадини рўёбга чиқариш учун айёрлик, сохта меҳрибонлик йўлини тутишди. Улар ҳар бир вилоят ўз шевасида иш юритишига розилик бериш орқали ўз ниятларини амалга оширмоқчи бўлди. Ҳатто миллат сонини камайтириб кўрсатиш, ўзбекларнинг ягона адабий тил доирасида бирлашишига йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир ҳудуд учун ўз шеваларида дарсликлар яратиш ва шу асосида дарслар ўтилишини таъминлаш бўйича яширинча кўрсатмалар беришган.
Бу жараёнларнинг асл оқибатини тушуниб етган А.Авлоний, А.Чўлпон, М.Беҳбудий, А.Фитрат, Ҳ.Ҳакимзода сингари жадидлар янги очилаётган мактабларда таълим-тарбия ишларини ўзбек тилида олиб боришга эришдилар ва она тилида бир қанча дарслик, қўлланма ва луғатлар тузишди. Ўзбек тили терминологиясини араб, форс ва ғарб тилларидан ўзлашган сўз ҳамда терминлардан тозалашга ҳаракат қилди. Айни пайтда тилимизда фаол қўлланаётган от, сон, олмош, ундалма, келишиклар ва уларнинг номлари, эгалик, қўшма, содда, эргашган, кўчирма, ўзлаштирма, ундов, кўпайтириш, қўшув, айирув, илдиз ости сингари жуда кўплаб сўз ва терминлар бевосита уларнинг саъй-ҳаракатлари, тинимсиз изланишлари натижасидир.
Афсуски, қатағон йиллари таъсири ва 1940 йилдан кирилл алифбосига ўтилиши оқибатида она тилимиз мавқеини ошириш борасида маърифатпарварларимиз бошлаган ишлар чала қолиб кетди.
1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши анчадан буён тил ривожига тўсиқ бўлиб келаётган омилларнинг барчасига зарба берди.
Ўтган ўттиз йил давомида она тилимизнинг жамият ҳаётидаги роли ва мавқеи янада мустаҳкамланди. Президентимизнинг БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлаши, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат тилини ривожлантириш департаментининг тузилиши, Ўзбек тилини 2020-2030 йилларда ривожлантириш концепциясининг ишлаб чиқилиши юртимизда давлат тилининг нуфузи янада ошишига кенг йўл очиб бермоқда.
Ҳатто, ўтган йили Афғонистонда ҳам ўзбек тили байрами кенг нишонланди. Афғонистон Олий Жирғаси (Олий Мажлиси)да ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ҳамда ўзбек тилининг мактабларда ўқитилиши масаласи кўриб чиқилди.
Германия, Хитой, Украина, Афғонистон олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти факультетлари фаолият кўрсатаётганлиги она тилимизнинг дунё миқёсидаги мавқеи кун сайин ортиб бораётганидан далолат беради.
Муродқосим Абдиев,
Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш маркази Самарқанд бўлими раҳбари.