Германиялик талабалар Самарқандда ўзбек тилини ўрганади
Германиянинг Ҳумболдт университети тасарруфидаги Марказий Осиё ва африкашунослик институти узоқ йиллардан буён ушбу ҳудудларда жойлашган давлатларнинг тарихи, маданияти ва иқтисодиётини ўрганиб келади. Ушбу жараёнларга германиялик талабалар жалб этилади ва улар дастлаб илмий изланишлар олиб борадиган мамлакатнинг маҳаллий тилини ўрганишга киришади.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўзбек тилини ўрганиш истагида Германиядан ташриф буюрган талабалар, уларнинг устозлари иштирокида ўтказилган тадбирда меҳмонларга юртимиз тарихи, бой маданияти, умрбоқий анъана ва қадриятларимиз ҳақида батафсил маълумот берилди.
Германиялик талабалар юртимизнинг қадимий тарихи ва дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган бобокалонларимиз ҳақида тарихий манбалар орқали таниш эканликлари, шунинг учун ҳам бу борадаги илмий тадқиқотларни янада кенгроқ йўлга қўйиш мақсадида ўзбек тилини ўрганишни мақсад қилишганини айтиб ўтишди.
– Германиялик талабаларга курс давомида институтимизнинг малакали ўқитувчилари ўзбек тили ва бошқа фанлардан сабоқ беришади, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Отабек Юсупов. – Ўқитувчиларимизга Ҳумболдт университетидан келган профессорлар Айфер Дурду хоним ва Акакча Франсиз Омирлар яқиндан ёрдам беришади. Германиялик талабалар мазкур ўқув курси давомида ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш билан бирга юртимиз тарихи, Самарқанднинг тарихий обидалари билан яқиндан танишадилар.
Тадбир сўнгида таълим жараёнларига германиялик мутахассисларни жалб қилиш, икки томонлама талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда хорижликлар учун “Ўзбек тили” дарслик ва ўқув адабиётлари яратишга келишиб олинди.
Исматулла ДЎСТМУРОДОВ.