"Глобал Қрим платформаси" саммити иштирокчилари Қрим масаласида ўз позицияларини билдирди

Қрим Украинага қайтиши керак, дея таъкидлашди «Глобал Қрим платформаси» саммити иштирокчилари. Киевнинг кетма-кет иккинчи йил ўтказилаётган ушбу ташқи сиёсий ташаббуси бу сафар ўтган йилга қараганда анча кўпроқ иштирокчиларни тўплади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан мунозаралар онлайн тарзда ўтказилмоқда.

Владимир Зеленский, Украина Президенти:

"Ҳаммаси Қримдан бошланди ва Қрим билан тугайди. Ва бу ҳақиқат. Мен юз фоиз ишонаманки, террорни енгиш учун минтақамизда, Европада, бутун дунёда аниқлик ва хавфсизликни тиклаш учун ғалаба қозониш керак, Россия агрессиясига қарши курашда ғалаба қозониш учун Қримни ишғолдан озод қилиш керак".

“Қрим платформаси” бу йил 60 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакилларини жамлади. Улар орасида НАТОнинг 30 нафар аъзоси ва альянс вакиллари ҳам бор. Давлат ва ҳукумат бошлиқлари даражасида тўрт ўнлаб мамлакатлар вакиллари бор.

Урсула фон дер Ляен, Европа комиссияси раиси:

"Биз Қрим ва Севастополнинг Россия Федерацияси томонидан ноқонуний аннексия қилинишини ҳеч қачон тан олмаймиз. Қрим ярим оролида инсон ҳуқуқлари бузилишидан чуқур хавотирдамиз. Қрим татарларининг ғойиб бўлишлари, қийноқлар, қотилликлар, таъқиблар".

Енс Столтенберг, НАТО Бош котиби:

"Украина суверен, мустақил давлат сифатида омон қолиши учун биз узоқ муддат Украинани қўллаб-қувватлашимиз керак. Кучли, барқарор ва мустақил Украина Евро-Атлантика хавфсизлиги учун зарурдир".

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қримнинг Украинага қайтарилишини “халқаро ҳуқуқ талаби” деб атади, Франция президенти Эммануэль Макроннинг сўзларига кўра эса, Россия билан энди ҳеч қандай муросага илож йўқ.