Гоҳ кўриниб, гоҳ яширинадиган диққатга сазовор жойлар
#Ўқинг_қизиқ!
Дунёда инсон қўли ва табиат томонидан қурилган ажойиб жойлар борки, уларнинг баъзиларини фақат маълум бир вақтда кузатиш мумкин, баъзилари эса фақат вақти-вақти билан пайдо бўлиб, сўнгра ғойиб бўлади.
AdMe.ru сайти улардан фақат сув оқими пасайган пайтда баҳраманд бўлишнинг иложи бўлган табиатнинг бу мўъжизалари ҳақида ёзади.
Темзадаги чавандозлар
Лондондаги Темза дарёси ёнидан ўтаётиб, сув остидан чиқиб турган бошларни кузатиш мумкин. Кунига икки марта “сувдан чиқадиган” тўрт чавандоз ҳайкали Воксхолль кўприги яқинида, Парламент уйларидан узоқ бўлмаган жойда жойлашган. Ҳайкалтарош Жейсон де Тейлор бу асарларни одамларни экология масаласи ҳақида фикр юритишга ундаш мақсадида яратди.
Баландлиги 3,3 метр бўлган “Саноат апокалипсиси чавандозлари” ҳар доим ҳам кўринавермайди, улар фақат сув оқими пасайган бир неча соат давомида кўриниш беради.
Манжуиод, Филиппин
Филиппиндаги сув тошқини пайтида бутунлай йўқолиб кетадиган энг ажойиб ва гўзал жойлардан бири Манжуиод қумлоғи Негрос оролида жойлашган бўлиб, у Филиппиннинг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан биридир.
Стамбҳешвар Маҳадев ибодатхонаси, Ҳиндистон
Ҳиндистондаги Шива худоси шарафига қурилган Стамбҳешвар-Маҳадев ибодатхонаси Араб денгизи ва Камбай кўрфази суви билан ўралган. Бу кичик бутхонага фақат сув оқими қайта бошлаган пайтда кириш мумкин, қолган пайтларда эса 150 йиллик зиёратгоҳ томига қадар сув остида қолади.
Мон-Сен-Мишель, Франция
Мон-Сен-Мишель қалъаси (орол ҳам худди шундай номланади) Франциянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. У ерда киши энг ғайритабиий тўлқинларнинг гувоҳи бўлиши мумкин. Сув пасайганда ҳалқа шаклли оролни қумлар ўраб олади, кўтарилиш пайтида эса орол сув остига кетади ва сувда аксини кўрсатиб фақат маҳобатли бино қолади.
Барра оролидаги аэропорт
Ҳудудий жиҳатдан Шотландиянинг бир қисми ҳисобланган Барра оролидаги аэропорт тўғридан-тўғри сув бўйида, учиш-қўниш йўлакчалари эса қирғоқ яқинидаги қумда жойлашган. Вақти-вақти билан сув кўтарилиши натижасида сув остида қоладиган аэропортда қўниш жуда хавфли.
Фаришталар йўли, Япония
Фақат сув қайтиши пайтида кўриш мумкин бўлган ҳайратланарли ва гўзал “Фаришталар йўли” Япониянинг Седосима шаҳрида жойлашган. Японлар агар эр-хотин узунлиги тахминан 500 метрни ташкил қиладиган бу йўлдан қўл ушлашиб ўтса, бутун умр бахтли ҳаёт кечиради, деб ҳисоблайди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.