Гулистонда “Damas”га ўрнатилган газ баллон портлади

Бугун, 27 март куни эрталаб соат 8:30 ларда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, Боғишамол маҳалласи ҳудудида жойлашган автотранспорт воситаларига газ тўлдириш шохобчасида тўхтаб турган, фуқаро Н.Қ.га тегишли "Дамас" русумли автомобилнинг газ баллонида чақнаш содир бўлган, дея хабар берди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ.

Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, чақнаш юзага келиш сабабларига ойдинлик киритилмоқда.

Барча ҳайдовчилардан бошқарувидаги транспорт воситаси ва унга ўрнатилган жиҳозлар созлигига эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.