Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Matiz"га ўрнатилган газ баллони портлади

Бугун, 13 октябрь куни соат 11:30 да 53 ёшли Х.М., ўзига тегишли оқ рангли «Matiz» русумли автомашинасида ҳаракатланиб келиб, автомашинани Пешку тумани Чиғирчи маҳалласи Янгибозор кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўкони қаршисида қолдириб, дори воситалари харид қилиш мақсадида дорихонага кириб кетган вақтида, автомашина юкхонасига ўрнатилган газ баллонда портлаш юз берган. Жиддий жароҳат олганлар йўқ.

Ушбу «Matiz» ёнида турган яна 2 та автомашинага турли даражада техник шикаст етказилган. Ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари Пешку тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Текширув жараёнида аниқланишича, автомашинага ўрнатилган газ баллони Корея Республикаси Пусан шаҳрида жойлашган корхона томонидан 2011 йилда ишлаб чиқарилганлиги, 65 метр куб сиғимли, ишчи босими 200 атмосферага рухсат этилганлиги, у 2018 йил 8 октябрда автомашинага ўрнатилганлиги, чидамлилик текширув муддати 2021 йил 7 октябрь қилиб белгиланганлиги маълум бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда портлашнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.