Ҳалол меҳнати орқасидан яшаётган кишилар “ишбилмас”, “эпсиз”, “содда”ми?
Ҳарбий хизматда бўлганимда қизиқ бир ҳолатга ҳайрон қолганман: Россиядан чақирилган аскарларнинг кўпчилиги хизматдан олдин қамоқда ўтириб чиққан йигитлар экан. Аксарияти ҳеч бўлмаганда ўн беш суткалик жазони ўтаган ёшлар. Энг қизиғи, улар бу билан жуда фахрланишарди.
Ҳатто қамоқда ўрганган қўшиқларини хиргойи қилиб юришарди. Масалан:
Иосиф Сталин – вы большой учёный,
В языкознаньи знаете вы толк.
А я простой советский заключённый,
И мне товарищ – серый брянский волк.
За что сижу, воистину, незнаю,
Но прокуроры, видимо, правы.
Сижу я нынче в Туруханском крае,
Где при царе сидели в ссылке вы.
Армиядан қайтганимдан сўнг Сталиннинг тилшунослик ҳақида қанақа китоб ёзганлиги билан қизиқдим. Ҳақиқатан ҳам, унинг “Тилшунослик масалалари” деган асари бор экан. Китобдаги асосий мазмун – кичик тилларнинг бора-бора йўқ бўлиб кетиши ва бутун дунёда битта тил, яъни масалан, рус тили қолиши ҳақидаги бўлмағур гаплар экан.
Албатта, қонунларни менсимаслик ва уларга қарши зид ҳаракат қилиш тенденцияси рус маиший ҳаётида илгаридан кузатиб келинган. Айтайлик, большевиклар ҳукумати арбобларининг кўпчилиги чор ҳукумати қамоқхоналарида ўтириб чиққан ёки сургунларда бўлган кишилар эди.
Бизда бундай қонунбузарликлардан фахрланиш ҳиссиёти у қадар бўлмаса-да, кейинги пайтларда худди шунга ўхшаш ҳолатни ўзимизда ҳам кузатяпмиз. Фақат орадаги фарқ шундаки, биздагилар қонун ва қоидаларни қандай айланиб ўтаётганлари ҳақида фахрланиб гапираётганларига гувоҳ бўлади киши. Улар бугун бу ҳақда уялмай-нетмай мақтанмоқдалар. Айтайлик, карантин кунларида қандай қилиб “эплаб” кўчага чиқишгани, қабул имтиҳонидаги тест саволларига жавоб топишда телефондан қандай усталик билан фойдаланишгани, синов-имтиҳонларни топширишда “йўлини қилганлари” ёки бирор шахсий муаммоларини ҳал қилишда амалдорлар билан қандай қилиб тил топишганлари ҳақида ғурур билан гапиряптилар. Ҳатто, иш шунгача бориб етдики, йигитлар нечта қизни алдашгани, ҳозирда қанча маъшуқалари борлиги устида мақтаниб, ўзига хос мусобақа қилаётганлари борасида ҳам гап-сўзлар оралаб қолди. Аслида, бу фахрлангулик сифат эмас, аксинча, ўзаро инсоний меъёрларнинг бузилиши, ахлоқий таназзул аломатларидир.
Яқинда “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” ток-шоу кўрсатувида иштирокчиларнинг республикамизда кейинги йилларда фирибгарлик ва товламачилик турлари бўйича жиноятларнинг кўпайиб бораётгани ҳақида куйиниб гапирганларига гувоҳ бўлдим. Ҳақиқатан, охирги пайтларда “фалончи фалончини алдаб пулини олиб қўйибди”, “фалончи мошенникка чув тушибди” сингари миш-мишларни тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда товламачилик жинояти 2020 йилда, ўтган йилларга қараганда, 37 фоизга кўпайган. Бир қарашда бундай ҳолатнинг ортиб бораётганлигига одамларнинг моддий жиҳатдан қийналиб қолаётганларини баҳона қилиб кўрсатиш мумкин. Нега десангиз, йилдан йилга ишсиз ёшларнинг сони ўсиб, ижтимоий муаммолар ортиб бораётганлиги бор гап. Аммо бу билан уларни ҳаром-хариш йўлларга кириб кетаётганларини сира тушунтириб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди. Чунки халқимиз азал-азалдан ҳаром луқмадан ҳазар қилиб келган. Қаҳатчилик йилларида очликдан шишиб ўлиб қолганларида ҳам бировнинг нонига-молига кўз олайтирмаганлар. Эндиликда кишилар ўртасида ҳаромхўрлик шунчалик урф бўлиб кетдики, ҳалол меҳнати орқасидан қўл учида яшаётган кишиларни “ишбилмас”, “эпсиз”, “содда” дея, уларнинг устидан куладиган кимсалар кўпайиб қолди. Ушбу ҳолатни, ҳатто, туппа-тузук зиёлиларимиз орасида ҳам кузатиш мумкин.
Бир куни беихтиёр икки журналист ўртасидаги суҳбатга гувоҳ бўлдим. Бири иккинчисини янги олган машинаси билан муборакбод қилиб табриклади. Иккинчиси биринчисидан нега ҳалигача машина олмаётгани сабабини сўради. У омадли дўстига ҳозирча етарли пул жамғара олмаганлиги ҳақида ёзғирди. Шунда машинадор бўлган журналист ҳамкасбига: “Шунча йилдан буён редакцияда нима ... еб юрибсан?”- деб уришиб берди. Бу гап менга милтиқнинг ўқидек тегди – ўшанда менинг ҳам машинам йўқ эди. Чунки, ўша йилларда маош билан машина олиб бўлмасди. Тўғри, ҳозир одамлар оддий касб-ҳунари билан ҳам бинойидек ҳалол яшамоқда. Бироқ енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юришга интилиш айрим ёш-яланглар ўртасида тобора урф бўлиб бораётир. Жамиятимизда коррупциянинг томир отгани, айрим юлғич кимсаларнинг паразитларча ҳаёт кечираётгани, бир сўз билан айтганда, давлат қонунларига изчил риоя қилинмаётгани ёшларимизнинг бир қисмини маънавий айнишига сабаб бўлмоқда.
Фалсафашунос тадқиқотчи, публицист Хуршид Йўлдошев бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:
“Одамлар ўғрилик, товламачилик, ёлғончиликни одатий ҳолдек қабул қиляпти. Яъни, ёлғончилик ва ўғриликка истисно эмас, норма сифатида қараляпти. Улар нопок йўл билан бирор нарса қозонишдан ҳазар қилмаяпти, балки буни ишнинг кўзини билиш, уддабуронлик, ишбилармонлик деб атаяпти. Алдов меъёрга айлангани боис, одамларда ўзаро ишонч даражаси пасайган. Ўзаро ишонч бўлмаган жамиятда одамлар доим сергак, мудом стрессда яшашга мажбур”.
Аслида, бу гаплар янгилик эмас. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб шўро мамлакатида коммунизм қуришни эплолмаган коммунист амалдорлар ҳеч бўлмаганда ўз хонадонларида фаровон ҳаёт яратишга киришиб кетишди. Бунинг гувоҳи бўлган оддий фуқаролар ҳам алдам-қалдам йўлларга кириб турли усуллар билан бойлик орттириш пайида бўлишди. Порахўрлик, қўшиб ёзишлар, алдамчилик ва фирибгарлик сингари иллатларнинг илдизи айнан ўша даврга бориб тақалади.
Ушбу ярамас мерос ҳаётимизга мустақилликдан кейин ҳам шундоққина кўчиб ўтди. Бошқарув тизимимиздаги авторитар услуб ва тўлақонли фуқаролик жамиятининг шаклланмаганлиги коррупцияни янада кучайиши учун замин яратди. Шу боис ҳам бугунги кунларда мамлакатимизда ҳаромхўрликка қарши муросасиз уруш эълон қилинди ва бу кураш аста-секинлик билан бўлса-да сезиларли самараларини бермоқда.
Ҳар бир халқнинг жаҳон айвонида собит туриши учун бир неча муҳим омиллари бўлиши шарт. Булардан биринчиси – тарихдир. Ҳар бир халқ ўз тарихини яхши билмоғи, яъни жайдари қилиб айтилганидек, етти пуштини танимоғи шарт. Энди буни катта бир миллат миқёсида олиб айтадиган бўлсак, етти эмас, етмиш, балки, етти юз бўғин аждодимизни билишимиз лозим.
Иккинчиси – тил. Ўз тилини йўқотган халқ ҳалокатга маҳкум. Шу боис тилни авайлаб асраш, уни бошқа йирик тиллар зуғумидан ҳимоя қилиш керак. Она тилимизга давлат тили мақомини берилиши ҳали бу жараённинг бошланиши. Шу маънода, тилимиз борасидаги ғамхўрлигимиз узлуксиз давом этадиган юмушларимиздан биридир.
Биз учун учинчи яна бир муҳим иш – муқаддас динимизни пок ва ғуборсиз сақлаш масаласидир. Маълумки, собиқ шўро замонида барча динларга бўлганидек, ислом динига ҳам ғоят катта зарар етказилди. Худога ишонмайдиган, худодан қўрқмайдиган бутун бир авлод дунёга келди. Хайриятки, мамлакатимиз мустабид салтанат занжирларидан озод бўлиб, динимизга эркин эътиқод қилинадиган замонларга етиб келдик. Бироқ ўтмиш асорати ҳар қадамда ўзини сездириб турибди. Энди муқаддас эътиқодимизни ёт оқимлардан асраш зарурати пайдо бўляпти. Хорижники деса, хўрозқандни ҳам ётиб ялайдиган содда фуқароларимиз аҳли сунна ва жамоа бир ёнда қолиб, аллақандай бегона мазҳабларга эргашмоқдалар. Имом Бухорий, Нақшбандий, Термизий, Яссавий ва Мотрудийларнинг авлодлари ўзларига аллақаёқлардандир раҳнамо излаб юрибдилар.
Жаҳон миқёсида глобаллашув жараёнлари кенгайиб, чуқурлашиб бораётган шу кунларда маънавият, маърифат ҳамда миллий ўзликни асраб қолиш, турли-туман иллатлардан холи янги авлодни тарбиялаш масалалари тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Ана шулар боис умуминсоний қадриятлар билан бир қаторда ўзимизнинг соф миллий аслиятимизни сақлаш, уларни келгуси авлодларга беғубор ҳолда етказиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир.
Худойберди Комилов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.