Ҳанузгача аниқланмаган сирлар
Одамларга дунё қандай тузилганлигини тушуниб олишга илм-фан ёрдам берган. Лекин дунёда ҳали очилмаган ва тўлиқ тушунилмаган сирлар ҳам кам эмас. Улар бизларни ўзига жалб қилади ва кўплаб тортишувларга сабаб бўлади. Бугун ҳанузгача илмий изоҳга берилмаган ва ошкор қилинмаган сирлар билан танишамиз.
Уффингтондаги оқ от
Англиянинг бетакрор Оксфорд округи тик тоғ ёнбағирларида тушуниб бўлмайдиган одамлар ва отларнинг улкан тасвирлари ўйилган. Узоқдан кўринадиган ушбу ноёб ва ҳайратланарли суратлар орасида Оқ от тасвири ажралиб туради. Бу буюк асарнинг узунлиги тахминан 110 метрни, кенглиги эса 30 метрни ташкил этади.
Эҳтимол Уффингтон оқ оти V асрнинг охирида ўйилган, чунки ўша пайтда оқ от саксонияликларнинг рамзи ҳисобланган. Бошқа олимларнинг таъкидлашича, ушбу тасвир 871 йилда данияликлар устидан қозонилган ғалабадан кейин пайдо бўлган.
Сейсмик чақнашлар
Олимлар кўп йиллар давомида вулқон отилиши ва зилзилалардан олдин осмонда сирли алангалар кузатилишини таъкидлашади. Ушбу чақнаш ҳодисалари бир бирига дахлсиз бу табиий офатлар билан қандай боғлиқлиги ҳали ҳам ноаниқ.
1960 йилда ушбу ҳодиса видеога олинган ва олимлар жараённи таҳлил қилишган. Бир назарияга кўра, вулқон отилишининг геологик тузилмалардаги электр зарядларига таъсир қилиши натижасида кўзга кўринадиган алангалар пайдо бўлади. Бироқ, бу фақат тахмин.
Стоунхендж
Бу дунёдаги энг машҳур археологик ва энг сирли жойлардан бири. Қадимий инглиз тилидан «Стоунхендж» тахминан “осма тошлар” деб таржима қилинган, лекин уларни ким ва нима учун бу ерга осиб қўйган?
Ўрта асрларда баъзи олимлар уни немислар ёки швейцарияликлар қурган деб ҳисоблашган. XVII асрда Стоунхендж қадимги римликларнинг иши бўлганлиги ҳақидаги гипотеза оммабоп бўлган. XIX асрнинг бошларига келиб бу Друидларнинг муқаддас жойи бўлган, деган хулосага келинди. Кейинчалик қазиш ишлари ва радиоуглерод усулидан фойдаланган замонавий тадқиқотлар унинг яратилиш даври Янги тош ва бронза асрларига тааллуқлилигини билдирди.
Бўрон бутун бир пляжни йўқ қилди, кейин яна жойига қайтарди
Ушбу ғалати воқеа яқинда Портлевенда (Буюк Британия) содир бўлди. Тўсатдан сув кўтарилиб, пляждаги барча қумларни ювиб юборди. Бир неча соатдан сўнг яна бир тўлқин кўтарилди ва қумни бутунлай жойига қайтариб, пляжни тиклаб қўйди.
Биринчи сув тошқини қум ва тош конларини ювиб кетганида олимлар бир неча тонна қумни қайтариб олиш учун кўп йиллар керак бўлишини айтди. Аслида эса бу атиги бир неча соат давомида содир бўлди. Ушбу ғалати воқеа маҳаллий аҳоли ва олимларнинг бош қашишларига сабаб бўлди.
Буюк сфинкс
Албатта, ҳар биримиз Сфинс ҳақида эшитганмиз. Кўкрагидан юқори қисми хотинларга, танаси шерга ўхшаш қанотли махлуқ - бу афсонавий мавжудот кўплаб мамлакатлар мифологиясида мавжуд. Мисрдаги буюк сфинксни ким, қачон ва нима учун қургани ҳали ҳам сирлигича қолмоқда. Эҳтимол, шунинг учун у нафақат олимлар, тарихчилар, балки оддий сайёҳларнинг ҳам эътиборини тортади.
Коста-Рикадаги думалоқ тошлар
Бутун Коста-Рика бўйлаб ўлчамлари кичик боулинг тўпидан диаметри 2,5 метргача бўлган кўплаб тош тўпларни топишингиз мумкин.
Ушбу тўплар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган ва уларнинг идеал шакллари маҳаллий халқлар ўзининг қўпол асбоблари билан ясай олган бўлиши даргумонлиги аниқ. Уларнинг қандай қилингани ва бу ерга қандай келиб қолганлигини ҳеч ким билмайди.
Ҳайвонларнинг йиллик миграцияси
Ҳайвонлар миграцияси – бу улар бир жойдан иккинчисига, одатда йилнинг маълум вақтларида саёҳат қиладиган табиий ҳодиса.
Аммо олимлар бундай мураккаб ҳаракатларни турли хил қушлар, балиқлар, ҳашаротлар ва сут эмизувчиларнинг миясига қандай сингдириш мумкинлигини ҳали ҳам англаб етмадилар.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.