Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
2020 йил 28 март куни Қўқон шаҳар, Хуқандий мавзесида яшовчи Х.Н. (1979 йилда туғилган, хусусий корхона раҳбари, халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати) Республика махсус комиссиясининг карантин қоидаларини қўпол равишда бузиб, “Telegram” ижтимоий тармоғида очилган гуруҳлар аъзоларига Қўқон шаҳрида 2 нафар шахсда коронавирус касаллиги аниқланганлиги ва улар карантинга олинганлиги ҳақида жонли тарзда аудио ёзув орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма ва ёлғон маълумотларни тарқатган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шумсутдиновнинг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 31 март куни Х.Н.га нисбатан ЖКнинг 244-5-моддаси (карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.