Ҳар бир инсон истеъмол қилиб туриши шарт бўлган 5 та энг фойдали маҳсулот
Узоқ вақтдан бери бутун дунё диетологлари қайси озиқ-овқат маҳсулотлари инсон танасига энг кўп фойда келтириши ҳақида баҳслашиб келади. Баъзилар мевалар ўрнини бошқа ҳеч бир маҳсулот боса олмайди, деб таъкидласа, бошқалари беморларга сабзавот истеъмол қилишни тавсия қилишади. Яна бошқалари эса ёғли балиқ фойдали деб айтади. Халқаро олимлар гуруҳи ана шундай келишмовчиликларни ҳал қилишга яна уриниб кўрди. Илм-фан одамлари мева, сабзавот ва балиқни ўз ичига олган ер юзидаги энг фойдали 5 та маҳсулотлар рўйхатини тузди.
Лимон
Лимон энг фойдали маҳсулотлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Биринчидан, бу энг кучли антиоксидантлардан бири бўлиб, у тана ҳужайраларини эркин радикаллардан ҳимоя қилади ва қариш жараёнини секинлаштиради. Иккинчидан, лимон танадаги холестерин камайишига ёрдам беради ҳамда айрим юрак ва қон томир касалликлари ривожланишининг олдини олади. Учинчидан, у яллиғланишга қарши восита сифатида ишлайди. Ва ниҳоят, тўртинчидан, лимон мушак пайларининг эластиклигини сақлашга ёрдам беради ва шу сабабли жароҳатлар ва шикастланишлар хавфини камайтиради.
Брокколи
Иккинчи ўринни оқсил ва А, C ва К витаминларига бой брокколи эгаллади. Шу билан бирга, А дармондориси кўриш органларининг нормал ишлаши, тери, соч ва тирноқларнинг кўркамлигини қўллаб-қувватлайди, С иммунитетни мустаҳкамлаб, тананинг касалликларга дош беришини қўллаб қувватлайди, К витамини эса қон айланиш тизими соғломлигини таъминлайди.
Аччиқ шоколад
Табиий какаодан тайёрланган аччиқ ёки қора шоколад бўлаги бир зумда одам кайфиятини кўтариши ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бироқ, бу ҳаммаси эмас: олимларнинг фикрича, ҳақиқий шоколад тез-тез ўзгариб турадиган қон босимини нормаллаштиришга ёрдам беради.
Картошка
Агар бирон киши сиздан ўзингиз биладиган барча фойдали овқатларни санаб ўтишни сўрашса, сиз картошкани эсламаслигингиз аниқ. Бу беҳуда, чунки бу илдиз сабзавот таркибида кўп миқдорда толалар, калий, магний ва C, В ва РР витаминлари мавжуд. Асосийси, уни тўғри пишира билишдадир. Шифокорлар картошкани тўғридан-тўғри пўсти артилмай ёки тозаланган ҳолда қайнатиб пиширишни маслаҳат беришади, лекин қовурилган картошка ва айниқса “фри”дан воз кечиш маъқулроқ.
Лосось (қизил гўштли балиқ)
Қизил балиқ сайёрадаги энг фойдали бешта маҳсулотлар рўйхатидан жой олди. Бу балиқнинг гўшти оқсил, омега-3 ва биринчи навбатда А, D, РР ва В12 витаминларга бой. Ушбу композиция туфайли бундай балиқни мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари ва асаб тизими бузилишининг олдини олиш учун самарали чора бўлиб хизмат қилади ва танадаги ортиқча холестериндан халос бўлишга кўмакдош бўлади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.