Ҳарбий хизматчида фарқли ҳуқуқлар бор

Рост, Ватан ҳимояси йўлидаги хизмат жозибадорлигини ошириш учун қатор чора-тадбирлар белгиланган. Мисол учун, контракт асосидаги ҳарбий хизматчига 30 календарь куни (давлат хизматчисиникидан кўп) таътил, таътил ўтказиш жойига бориб-келиш учун 3 кундан кўп бўлмаган қўшимчани айтиб ўтиш мумкин.

Бу каби ишлар Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини ошириш мақсадини кўзлагани шубҳасиз. Миллий армиямиз ташкил қилинган кун баҳонасида уларнинг айримларини Сиз билан бўлишишни лозим топдик.

Уй-жой берилади

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида орттирилган касаллик ёки олинган жароҳати туфайли ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб топилиб, истеъфога чиқарилган Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларини, шунингдек, вафот этган ҳарбий хизматчиларнинг, уларнинг хизмат муддатидан қатъи назар, оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш белгиланган.

Вазирлик томонидан уй-жой билан таъминланмаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга уларнинг аризасига биноан тақдим қилинаётган уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал пулини Давлат бюджети маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаш йўли билан узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бериш тизими бўйича тураржойлар берилиши мумкин.

Тавсиянома - талабалик учун имтиёз

Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирганлигини якуний баҳолаш ҳамда уларнинг билим даражасини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари ўтказилади.

Тавсиянома бериш тўғрисидаги якуний қарорни қабул қилиш учун ҳар бир муддатли ҳарбий хизматчи тест синовларининг натижалари, намунали ҳарбий интизоми ва ўқув фанларидан қўйилган якуний ўртача кўрсаткичи йиғиндиси жамланади. Хизмат мобайнида Давлат мукофотлари билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчилар тест синовларининг натижаларидан қатъи назар тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тавсиянома олганлар республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.

Бошқа олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этади.

Тақдим этилган тавсиянома уч йил мобайнида амал қилади.

Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ходимларининг фарзандларига олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун 5 фоизли квота ҳамда бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларининг бакалавриатига танловсиз қабул қилиниш тўғрисида тавсияномалар берилади.

Боғчага навбатсиз

Контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари яшаш жойи, шу жумладан вақтинчалик яшаш жойи бўйича давлат мактабгача таълим ташкилотларига қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли рўйхат асосида, ўрта таълим муассасалари, шунингдек вазирликларнинг болалар соғломлаштириш лагерларига навбатсиз қабул қилинади.

Энг муҳими - интизом

Олий ҳарбий таълим муассасасини битиргандан кейин ўқишни тугатгандан сўнг тузилган контракт бўйича кўзда тутилган муддат тугамасдан ҳарбий хизматни ўташдан бош тортган, шунингдек контракт шартларини бажармаганлиги, содир этган жинояти учун судланганлиги сабабли бўшатилаётган ёки бундай контрактни тузишдан бош тортган ҳарбий хизматчи қонунчиликка мувофиқ уни ўқитиш учун сарфланган бюджет маблағларини давлатга қоплаб беради.

(Ҳарбий хизматчини олий ҳарбий таълим муассасасида 4 йил ўқитиш учун БҲМнинг 1300 баравари миқдорида бюджет маблағлари сарфланади).

Ё.Марқаев тайёрлади.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.