Ҳаво совуқлиги учун ишга келмаган шифокор
Янги йил байрами муносабати билан берилган дам олиш кунлари бир сабаб бўлиб, Самарқанд шаҳридаги вилоят травмотология ва шикастланиш оқибатларини даволаш шифохонасига боришимизга тўғри келди. Очиғи, шифокорлар бўлармикан, бўлса-да, беморга қарашга ҳафсала қилармикан, деган ҳадик ва хавотир билан бордик.
Агар эътибор берган бўлсангиз, байрам кунлари аксарият муассасаларда одам бўлмайди. Айниқса, Янги йил байрами билан боғлиқ сана, дам олиш кунларида бошқа муассасалар, ҳатто аҳоли гавжум бўладиган озиқ-овқат дўконлари ҳам одам йўқлигидан ҳувиллаб қолади. Бу кунлари шифохоналаргина гавжум. Шифокорларгина Янги йил кунлари дам олиш керак деган тушунчага эътибор қаратишмайди.
Травмотология шифохонасида ҳам шу ҳолатни кузатдим. Беморлар кўп бўлгани учун навбатчи шифокордан ташқари дам олиши керак бўлган мутахассислар ҳам қўли-қўлига тегмай гоҳ гипс тайёрлаётган, гоҳ беморни операцияга ҳозирлаётган жараённи кузатасиз. Жароҳати енгилроқ беморларга ҳам тез ва аниқ тавсия берилиб, ширин муомала билан жўнатаётганига гувоҳ бўлдим. “Шифохонага ҳар куни беморларнинг оқими шундай кўпми ёки байрамда шундай бўлдими?”, деб сўрайман шифокордан.
- Бошқа кунлариям шундай, бундан ҳам кўпроқ бўлади, - дея жавоб берди шифокор беморнинг маълумотларини қайд дафтарига ёзаркан.
Беморлар кўплигидан қўшимча шифокорлар, рентген мутахассислари жалб этилганини билдим. Айни шу кунлари хорижда яшайдиган дўстларимнинг бир фикрини эшитиб, ўзимизнинг шифокорлар ҳақида ўйладим.
Тўғри, бундан олдин ҳам хорижда истиқомат қиладиган таниш-билишлар аксарият ҳолда даволаниш учун ўз юртларига қайтиши ҳақида кўп эшитганман. Бу фақатина у ердаги тиббий хизмат нархини чўнтаги кўтармаслигидагина эмас, шифокорларнинг эътибори, муносабатида ҳамдир.
- Яқинда қизимни ўзимиз истиқомат қиладиган штатдаги шифохонага олиб бордик, - дея гапириб беради хорижда яшовчи танишим. – Тахмин қилинган ташхисни аниқлаш учун бир нечта текширувлардан ўтишимиз керак экан. Бунинг учун бир ой вақтимиз кетди. МРТ текширувига навбатимиз икки ҳафта деганда келди. Шифокор кўригини бир ҳафта кутдик, навбатимиз келган куни ҳаво жуда совуқ бўлгани учун ишга келмагани аниқ бўлди.
Бироз алам билан айтилган бу фикрлар ўша давлат тиббиёти ҳақида умумий хулоса бермайди, албатта. Аммо бизнинг шифокорлар ҳаво совуқлиги учун ишга келмаслигига ишонмайман, тўғриси.
Шифокорларимиз ҳақида турли фикрлар, муносабатлар билдирилади, тиббиётимиз орқада эканлигини айтадиганлар ҳам топилиб қолади. Тўғри, бу соҳа фаолиятига баҳо беришга ҳаққим йўқ, аммо фикр сифатида энг чекка қишлоқларини ҳам замонавий тиббиёт муассасалари, битта бўлса-да шифокор билан таъминлаб қўйган мамлакатимизда тиббиёт соҳасини оқсоқ деб бўлмайди.
Мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу йил тиббиёт соҳасига қаратиладиган эътибор ҳақида гапирар экан, янаям катта ўзгаришлар бўлишини айтди. Умуман олганда, ҳар йили соҳа босқичма-босқич ўзгаришга юз тутмоқда. Яхши биламиз, бирор соҳа яхши кадрларсиз ривожланмайди. Эътиборли жиҳати, ўтган икки йилда Самарқандда тиббиёт муассасалари орасида ҳамма биладиган, аммо ҳеч кимнинг «кучи етмайдиган», ўзига хос тарзда монополлашган тизим шаклланиб қолганди. Бу ҳақда очиқ айтилмаса-да, аммо тиббиётчиларнинг юрагини кемириб турган бу оғриқ фақатгина маълум шахсларга ёқадиган, уларга хизмат қиладиган кадрлар ўсиши билан янада оғриқли кечарди. Ўтган йили бундай ўзига хос «монополия»га чек қўйилди, аксар тиббиёт муассасаларига ёш, изланувчан, тажрибали мутахассислар тайинланди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Самарқанд тиббиётига «янги қон» қўшилди.
Бунинг натижасида вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида неча ўн йилликларда содир бўлмаган янгиликлар бўлаётганини айтиш мумкин. Афсуски, коррупция туфайли кўп дастурлар қоғозда қолиб кетаётгани ҳам соҳани орқага тортадиган иллат. Бу масалага ҳам бугун мамлакат миқёсида ечим топишга уринилаётгани яхши муждалардан биридир.
Мавзудан бироз чалғидим, чоғи. Айтмоқчи бўлганим, бошқа вилоятлар, ҳатто давлатлар эътироф этадиган, ўзига хос мактаб шаклланган Самарқанд тиббиёти учун мана шу ўзгаришлар катта қадам деб биламан. Тиббиёт ҳақида инсонлар онгида шаклланадиган фикр бемор бўлгандагина пайдо бўлади. Шукрки, бизда ҳаво совуқ бўлгани сабабли ишга келмайдиган шифокорлар бўлмаса керак. Шукурки, бизда ярим кечаси бўлса-да, эшигини тақиллатиб келадиган беморга «оромимни буздинг», дейишга тили бормайдиган шифокорларимиз кўп.
Гулруҳ Мўминова.