Ҳаёт учун хавфли вазиятда қолса-да, омон қолганлар
Ҳаёт учун хавфли бўлган вазиятга тушиб қолиш турли омилларга боғлиқ. Бу вазиятдан омон чиқиб кетиш учун инсон идроки нималар қилишининг ҳам чек-чегараси йўқ. Қуйида келтирилган ҳолатларда инсонлар бошларига тушадиган кўнгилсизликлардан бехабар эди. Бироқ улар ўлим билан юзма-юз тўқнаш келиб, омон қолишга эришган.
“Ёввойи тўнғизлар”
2018 йилда навбатдаги машғулотлардан сўнг “Ёввойи тўнғизлар” болалар футбол жамоасининг 12 нафар иштирокчиси мураббийи бошчилигида Таиланднинг энг узун ғорларидан бирини сайр қилишни режалаштиради. Бироқ ғорнинг анча ичкарисига кириб борган 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ва уларнинг 25 ёшли мураббийси тузоққа тушиб қолишди. Бир томондан кўтарилган денгиз суви барча чиқиш йўлларини бекитиб қўйган бўлса, иккинчи томондан, чиқиш йўлини ўпирилиб тушган тошлар ёпиб қўйди.
Болалар бир ҳафтадан ортиқ сув ва озиқ-овқатсиз қолиб кетди. Улар сув ўрнига ғор деворларидаги намликни шимиб ҳаёт сақлади. Қутқарувчилар уларни ғордан олиб чиқишни режалаштирди ва ёрдамга сув остига шунғувчи (дайверлар) мутахассислар чақирилди. Уч кунлик қутқарув ишлари натижасида тузоқда қолиб кетган футбол жамоаси жароҳатларсиз қутқариб олинди.
Анжела Эрнандес
2018 йилнинг июл ойида Жанубий Калифорнияга кетаётган Анжела Эрнандес автомобиль бошқарувини йўқотиб 61 метрлик тепаликдан сувга қулаб тушди. Мияга қон қуйилиши, қовурға ва елка синишига қарамасдан, Анжела чўкаётган автомобилдан чиқишга ва қирғоққа сузиб келишга муваффақ бўлди. Қирғоққа чиқиб олгач, ҳушидан кетди.
Бироқ ҳаётнинг энг даҳшатли синови ҳали олдинда эди. Анжела тепаликда ўтиб қайтаётган автомобилларни кўриб турарди, ёрдамга чақирарди. Лекин йўлнинг тез қатнов ҳудудидан ўтаётган автомобиль ҳайдовчилари уни эшитмасди. У бир ҳафта ёрдам кутиб ётди, унинг ёнидаги сув фақатгина лабларини намлашга етарди. Охир-оқибат ҳушсиз ётган қизни балиқчилар топиб олишди.
Юлиана Кёпке
1971 йилнинг Рождество байрами арафасида 17 ёшли Кёпке яшин уриш оқибатида ҳалокатга учраган самолёт йўловчилари орасида эди. Яшин уриш оқибатида Кёпке учиб кетаётган самолёт осмонда бўлакларга бўлиниб кетди. Йўловчи ўриндиғига ўтирган ҳолда пастга қулаган Кёпке ҳалокатда омон қолган ягона одам эди. Қалин ўрмонга қулаган Кёпке мўъжиза туфайлигина омон қолди. Баланд дарахт шохлари унинг ер билан тўқнашишини енгиллаштириб берди.
Омон қолган Кёпке дастлаб самолёт қолдиқлари орасидан турли егуликлар ва сув топиб жон сақлади. Унинг елкаси синган, оёқлари қаттиқ жароҳатланган эди. Самолёт ёнида қолишдан наф йўқлигини сезган Юлиана ёрдам излаб, чангалзор узра дарё томон судралиб кетди. У тўққиз кун чангалзор узра судралиб, қурт-қумурсқалар билан озиқланди. Ниҳоят тўққизинчи куни дарё қирғоғига чиқишга муваффақ бўлди.
Дарё қирғоғида ҳолсиз ётган Юлианани маҳаллий балиқчилар топиб олди. Балиқчилар унга биринчи ёрдам кўрсатди. Қизнинг устига бензин қуйганларида, тўққиз кун судралиб юрган қизнинг баданига ин қуриб олган турли қурт ва ҳашаротлар ташқарига судралиб чиқа бошлади. Бир неча соатдан кейин Кёпке вертолётда касалхонага етказилди.
Кёпкенинг иродали омон қолиши тўғрисида режиссер Вернер Херцог “Умид қанотлари” номли ҳужжатли фильм суратга олган. Дарвоқе, Вернер Херцог ҳам ўша ҳалокатга учраган рейсда парвоз қилиши керак бўлган. Бироқ у сўнгги дақиқаларда парвоздан воз кечган.
Арон Ралстон
Ароннинг саргузашти ҳақида “127 соат” номли бадиий фильм суратга олинган.
Экстремал спортга қизиқувчи Арон, ўша куни Ютадаги Мовий Жон каньонида якка ўзи қояларга чиқиб машқ қилаётган эди. Тўсатдан ўлкан тош унинг қўлини босиб қолди. Арон ўзининг бориш манзилини ҳеч кимга айтмаган эди, унинг қаердалигини ҳеч ким билмасди. Сув ва озиқ-овқат захиралари деярли тугаганди. Шу сабабли унинг омон қолиши фақатгина ўзига боғлиқ эди. Арон энг даҳшатли қарорга келиш учун уч кун ҳаёт билан курашди. Сув тугаганидан сўнг у ўз пешобини ичишга мажбур бўлди. Ралстон қўлини чиқариб олсагина омон қолишини биларди. Аммо бунинг иложи йўқ эди. Охир-оқибат у ҳаётидаги энг муҳим қарорни қабул қилди – қўлни кесиб ташлаш (ампутация).
Орадан олти кун ўтганидан сўнг Ралстон қўлни кесиб олишнинг энг осон йўлини топди. У дастлаб қўл суякларини синдирди, сўнг қўлини кесиб олди. Лекин унинг олдида ундан ҳам мураккаб автомобилига етиб бориш вазифаси турарди. Бунинг учун Арон жарликдан 18 метр тепаликка бир қўли билан чиқиши зарур эди...
Қўлини ампутация қилганидан олти соат ўтиб, Ралстон касалхонага етказиб борилди. У кўп қон йўқотиш оқибатида ўлим арафасида эди.
Арон Ралстон бу воқеадан сўнг ўзининг экстремал спортга бўлган қизиқишидан воз кечмади. У бугунги кунда ҳам спортнинг бу тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Робертсонлар оиласи
1971 йилнинг 27 январь куни британиялик фермер Дугал Робетсон, рафиқаси ва тўрт нафар фарзанди “Люсетта” номли кичик ёғоч кемада дунё бўйлаб сайёҳатга чиқди. Робертсонлар оиласи 17 ой денгизда сайёҳат қилди, дунёни кўрди ва ўрганди. Бироқ 1972 йилнинг 15 июн куни, уларнинг кемаси билан касаткалар тўдаси тўқнашиб кетди. Оқибатда кема жиддий шикастланди.
Робетсонлар ўзи билан олти кунга етадиган озиқ-овқат олиб, зудлик билан қутқарув қайиғига ўтиб олди. Оила аъзолари сув олишга улгурмадилар – уларни фақат ёмғир суви қутқариб қолди. Орадан 16 кун ўтиб, барча озиқ-овқат ва сув захиралари тугади. Балиқ ва тошбақа овлаш учун ясалган қўлбола найза ҳам яроқсиз аҳволга келиб қолди.
Робертсонлар оиласи жами 38 кун очиқ денгизда оқим бўйлаб сузиб юрди. Ниҳоят, уларни япон балиқчилари топиб олишди. Фақатгина мўъжиза туфайли оиланинг ҳеч бир аъзоси ҳалок бўлмади.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.