Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳиндистонда одамхўр қоплон 35 кун ичида 12 кишини ўлдирди

Ҳиндистоннинг Махараштра штатида одамхўр қоплон 35 кун давомида 12 кишини ўлдирди. Бу ҳақда India Today нашри хабар бермоқда.

Изларга қараганда, барча ҳужумларни битта ҳайвон қилган. Бир ой давомида у бир тартибда - ҳар уч кунда ҳужум қилиб одамларни ўлдирган. Атрофдаги қишлоқлар аҳолиси қўрқувда, имкон қадар уйларидан чиқмасликка ҳаракат қилишмоқда.

Йиртқични тутиш бўйича йирик операциялардан бирини штатнинг давлат ўрмон хўжалиги ўтказди. Саксон киши исковуч итлар билан қидирув ишларига ташланди, ўрмонга 20 га яқин тузоқ ва видеокузатув камералари ўрнатилди. Бироқ ҳайвон қочишга муваффақ бўлди ва «қотиллик»лар давом этаверди.

Йиртқични ўлдиришга буйруқ берилди. 11 декабрь куни Махараштра ўрмон хўжалиги департаменти йиртқични қидириб топиб ўлдириш учун Пуне штатидан снайпер ва профессионал ўқ отувчини таклиф қилишди. Улар қоплонни таъқиб қилиб, ўт очишди. Лекин бу сафар ҳам у қочишга муваффақ бўлди.

2019 йилда Ҳиндистонда одамхўр қоплон бир оиладан тўрт ойлик болани ўғирлаб, уни бурдалаб ташлагани ҳақида хабар берилган эди. Ўлдирилган чақалоқ далада, чўпонлар яқинида ухлаган пайтда йиртқич қўққисдан пайдо бўлиб, ўлжасини олиб қочган. Боланинг ғажилган жасади 1,5 километр узоқликдаги сой яқинидан топилган.