Ҳоким мактабнинг янги биноси қурилишини қўллаб-қувватлади

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг Каттақўрғон туманидаги мактаблардаги янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишуви давом этмоқда.

Жумладан, С.Усмонов тумандаги маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бунёд этилаётган Муртак қишлоғидаги 56-мактабининг 240 ўринли қўшимча биноси қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Бугунга қадар муртаклик ўқувчи-ёшлар 56-мактабнинг 120 ўринли эски мактаб биносида таҳсил оларди. Шу ерда истиқомат қилиб келаётган онахон Ҳолида Эшқувватова туман ҳокими Аъзамхон Баҳромовга мурожаат қилиб, ўқувчилар учун кенг ва замон талабларига мос келадиган янги бинога эҳтиёж сезилаётганини билдирган. Ушбу хайрли ташаббусни туман ҳокими қўллаб-қувватлади ва ўзининг амалий ёрдамини аямади.

Айни пайтда мактабнинг янги қўшимча биноси қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.