Маънавият тарғиботчилари - Самарқандда

Элимиз ардоғидаги санъаткорлар, хонандалар, сўз усталари, таниқли олимлар, истеъдодли ижодкорлардан иборат маънавият тарғиботчилари Самарқандга келди.

Улар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигини олдидан вилоятимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги умуммиллий бирдамлик байрам фестивалида иштирок этяпти.

Маънавият тарғиботчилари дастлаб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш марказида ташкил этилган фестиваль доирасидаги маданий-маърифий тадбирда қатнашди. Бу ерда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари билан учрашиб, кейинги пайтларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси ҳақида сўз юритди.

Тадбирда Ватанни, тинчликни, шукроналикни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, қўшиқлар куйланди. Пойтахтдан келган маънавият тарғиботчилари иштирокидаги тадбирлар 3 кун давом этиши кўзда тутилган.

“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги умуммиллий бирдамлик байрам фестивали қарийб бир ой давом этади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.