Ҳоким ва прокурорлар газ ва электр энергияси масаласида огоҳлантирилди
Йиғилишда энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом ҳалигача тўлиқ таъминланмагани танқид қилинди.
Ўтган етти ойда ҳудудларда 160 миллион киловатт соат электр ва 290 миллион куб метр газ ноқонуний ишлатилиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган.
Бу борада Бош прокуратура ва Энергия инспекцияси тизимига катта ваколат ва ресурслар берилгани, лекин улар йўқотишларни олдини олиш билан эмас, балки оқибати билан курашаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар ва департамент раҳбарлари қайси туманда энергияни ўғрилаш давом этса, нореал қарздорлик ошиб кетса, электр ва газ раҳбарларига қўшилиб жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.
- Яна бир бор таъкидлайман. Бир-икки ойдан сўнг куз-қиш мавсуми бошланади. Уни беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини кафолатли етказиб бериш бўйича ишларни ҳозирданоқ бошлаш зарур, - деди давлат раҳбари.