Ҳоким ёрдамчилари қандай ишлаяпти?

Маҳаллаларда фаолият бошлаган ҳоким ёрдамчиларига асосан иккита вазифа юклатилган. Булар - фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш. Улар шуни эплаяптими?
Масалан, Нуробод туманининг Амир Темур маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси қандай ишларни бажаряпти?
- Маҳалламизда 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди И.Бердиқулов. – Уларнинг муаммоларига ечим топиш мақсадида хатлов ўтказилди. Натижада 137 нафар фуқаронинг муаммоси борлиги аниқланди. Маҳалла фаоллари билан бирга бу муаммолар ечимига киришиб, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни “дафтар”ларга киритдик. Хусусан, “Темир дафтар”га 32 нафар фуқаро киритилиб, 13 нафари чиқарилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 29 нафар ёшдан 24 нафарининг муаммоларига ижобий ечим топилди. 76 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилиб, тўрт турдаги ёрдам кўрсатилди.
Ўтган давр мобайнида 20 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 800 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. 21 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди, шартнома асосида 7 нафар фуқаро хорижга ишга жўнатилиб, 30 нафарга яқини касб-ҳунарга йўналтирилди.
Аҳамиятлиси, маҳаллада фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида аксариятига кредит ажратилган ва уларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил қилади.
– Онам иккимиз хотин-қизларга кўйлак тикиб берардик, лекин фаолиятимизни кенгайтириш учун жой ва маблағ йўқ эди, - дейди Амир Темур маҳалласида яшовчи Ҳилола Тангиотарова. – Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 67 миллион сўм кредит олиб, тикувчилик цехи ташкил қилдик. Ҳозир цехимизда 8 нафар хотин-қиз ишлаяпти. Улар билан бирга аёллар ва болалар кўйлаклари тикиб, маҳсулотлар сотувини ҳам йўлга қўйганмиз. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, маҳсулотимизни экспорт қилиш режалаштирилган.
Маҳаллада “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида катта ҳаёт тажрибасига эга 8 нафар нуронийга тарбияси оғир, уюшмаган 70 нафарга яқин ёш бириктирилган.
- Бугун зиммамизга масуълиятли вазифа, яъни уюшмаган, тарбияси оғир ёшларнинг тақдири турибди, - дейди Ислом бобо Бекмуродов. - Маҳалламизда 8 нафар ана шундай маънавий кўмакка муҳтож ёш менга бириктирилган эди. Дастлаб маҳалла фаоллари билан келишиб, уларнинг ота-онаси билан суҳбатлашдик. Кейин уларнинг қизиқишига қараб ишга, касб-ҳунарга йўналтирдик. Хусусан, 2 нафар ёш шартнома асосида хорижга ишга жойлагштирилди, 1 нафарига асбоб-ускуна берилди, 3 нафари сафарбарлик чақирувига юборилиб, 1 нафари доимий иш билан таъминланди.
Тумандаги Шарқ юлдузи маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Шохруз Бердиев иш бошлаганига кўп бўлмаса-да, фуқаролар бандлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
- Фаолиятимни ишсиз фуқаролар муаммоларини ўрганишдан бошладим, - дейди Ш.Бердиев. – Маҳалла фаоллари билан келишиб, муаммоси аниқланган 142 нафар фуқарони “дафтар”ларга киритдик. Амалга оширилган ишлар натижасида “Темир дафтар”га киритилган 25 нафар фуқародан 10 нафари, “Ёшлар дафтари”даги 38 нафар ёшларнинг барчаси "дафтар"дан чиқарилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га рўйхатда турувчи 79 нафар хотин-қизнинг 8 нафарига имтиёзли кредит берилди, 5 нафари ишга жойлаштирилди, 5 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, 7 нафарига асбоб-ускуна берилди.
- Ишсиз эдим, маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси Шохруз Бердиевнинг таклифи билан мебелларни таъмирлаш устахонаси очдим, - дейди "ЯТТ Санаева Зуҳра" МЧЖ раҳбари Зуҳра Санаева. – Бунинг учун ижарага жой, асбоб-ускунага 15 миллион сўм кредит берилди. Фаолиятимни 1 нафар уста билан бошладим. Ишларим юришиб, мебелларни таъмирлаш билан бирга уни ясашни ҳам йўлга қўйдик. Устахонам корхонага айланди ва 5 нафар ёшни иш билан таъминладим. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, қўшма корхона очмоқчиман.
Фазлиддин Рўзибоев.