Ҳоким ёрдамчисининг ўзи тадбиркор бўлса, маҳаллада ишбилармонлар кўпаяди

Яқингача Булунғур туманидаги Чангал-1 маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг асосий даромади полиз экинлари ва чорвачиликдан эди. Замона зайли ўзгарди, ҳозир у ерда ҳам хизмат кўрсатиш шохобчалари, дўконлар сони ортиб, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиб бормоқда. Албатта, бунда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Элдор Тўхтаевнинг ҳам хизмати бор.

Асли ўзи тадбиркор бўлган Элдор маҳалладаги ишни ҳунарли, савдо-сотиқдан хабардор фуқароларни тадбиркорлик билан шуғулланишга даъват этишдан бошлади. Аввалига улар пул тикиб, иш бошлашдан ҳайиқишди, кредит олишдан қўрқишди. Бир нечта маҳалладошлари тадбиркорларга яратилаётган имкониятдан унумли фойдаланганини кўришгач, вазият ўзгарди.

– Қўлида гулдай ҳунари бўлса-ю, чет элда мардикорлик қилиб юрса, ярашмайди, - дейди Элдор Тўхтаев. – Ўзим ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаман, соҳанинг оғиру енгилликларидан оз бўлса-да, хабарим бор. Бу тажрибамдан мақсадли фойдаланиб, маҳаллада тадбиркорлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилдим. Ҳозир бу ерда умумий овқатланиш шохобчаси, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш устахонаси ва пишириқлар цехлари ишлаб турибди. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам кўплаб ёшларимизнинг бандлиги таъминланди.

Маҳалла кўчаларидан юриб, янги иш бошлаган (биносининг атрофида қурилиш ишлари давом этаётган эди) сартарошхонага кирдик. Сартарош Илҳом Муродов яқинда ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тижорат банкидан имтиёзли кредит олиб, ишни йўлга қўйибди.

– Илгари даромадим фақат деҳқончиликдан эди, - дейди Илҳом. – Ҳунаримни ишга солиб ҳам яхшигина пул топишимга ишонмагандим. Элдор ака билан ҳисоб-китоб қилдик, билсам, ҳам деҳқончилик, ҳам сартарошликни бирга юритиб, икки ҳисса кўпроқ даромад қилса бўларкан. Мана, ишни бошладим. Мижозлар кун сайин кўпаймоқда.

Маҳалланинг яна бир фуқароси Келдиёр Азимов автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. У жорий йил 25 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, устахонасига замонавий ускуналар ўрнатди. Натижада оиласидан яна бир киши доимий иш билан таъминланди.

Ҳоким ёрдамчисининг айтишича, бугунгача маҳалланинг 40 нафардан ортиқ фуқаросига шундай шартлар асосида кредит ажратилишига эришилган. Ҳозир улар ўз уйида паррандачилик, асаларичилик, қуёнчиликни йўлга қўйиб, оиласига қўшимча даромад киритмоқда.

Асқар Баротов.