Ҳокимлар сайланиши керак
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, дея таъкидлаган эдилар.
Ҳақиқатан ҳам Конституция – динамик, яъни доимий ҳаракатдаги, ўсиш ва ривожланиш жараёнидаги ҳужжатдир. Шу маънода у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида акс эттириши табиий.
Гап Конституциямизга ўзгартириш киритиш тўғрисида кетаётган экан яна бир гапни айтиб ўтиш жоиз. Шавкат Мирзиёевнинг ўтказилган сайловолди учрашувларида халқимиз томонидан 140 дан зиёд таклиф билдирди. Улар орасида қонунчиликка, хусусан, Бош қомусимизнинг айрим моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритишга қаратилган таклифлар бор.
Фикримча, шулар асосида Президентимиз лавозимга киришиш тантанали маросимдаги маърузасида “Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат бошқарув тизими айрим раҳбарларнинг субъектив нуқтаи назарига, содда қилиб айтганда, уларнинг қош-қовоғига қараб эмас, аксинча, мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши зарур.
Бу борада олдимизда турган яна бир муҳим масала – халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келди”, деб ўйлайман деганди.
Демак, конституцияга ўзгартириш киритиларкан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмайди.
Зотан, бугун давр шитоби, тараққиётнинг айни палласи шуни талаб этмоқда. Яъни, энди ҳокимларни сайлаш вақти келяпти. Бу ўзгаришга биз, сиёсий партиялар ҳам, раҳбарларимиз ҳам, халқ ҳам тайёр бўлишимиз керак.
Илҳом Ботиров,
ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари.