Ҳокимларнинг 31 нафар ўринбосари жавобгарликка тортилди
Кеча, 28 март куни видеоконференция тарзида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ташқи савдо фаолиятининг бугунги ҳолати ва уни рағбатлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, мутасаддилар экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати бўйича ҳисобот берган. Йиғилишда тадбиркорлар ва экспортчилар муаммоларини ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сустлиги туфайли алоҳида раҳбарлар фаолияти қаттиқ танқид қилинган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларининг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилган.
Юқорида қайд этилган раҳбарларга экспортчилар билан вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар даражасида манзилли ҳамкорликни фаоллаштириш вазифаси қўйилган.
Экспортга йўналтирилган корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига корхоналарга бириктирилган ходимлар тегишли идоралар раҳбарлари билан бирга шахсан жавобгар эканлиги қайд этилган.
Йиғилиш якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига берилган вазифалар ижроси юзасидан қўшимча манзилли топшириқлар берилган. Уларнинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.