Ҳокимликка тушган мурожаатларнинг аксарияти субсидия масаласида

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳар ҳокимлигига йил бошидан буён жисмоний ва юридик шахслардан 7 368 та мурожаат келиб тушган. Жумладан, уй-жой олиш учун субсидия ажратиш масаласида 3 476 та, ер ва ер ажратиш бўйича 1270 та мурожаат қайд этилган. Моддий ёрдам сўраганлар ҳам кам эмас – 845 нафар.

Мурожаатларнинг 2185 таси, қарийб 30 фоизи ижобий ҳал қилинган бўлса, 4000 дан ортиғи юзасидан тушунтириш берилган. Демак, ҳалигача қаерга ёки кимга, қандай тартибда мурожаат қилиш юзасидан ҳуқуқий тушунчамиз етарли эмас.

– Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан жорий йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой учун 772 та субсидия ажратилиши белгиланган, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов. – Бу албатта, уй-жойга муҳтож оилалар учун жуда катта имконият. Аммо, Самарқандда бундай оилалар кам эмас. Шунинг учун ҳам шу пайтгача субсидия асосида уй-жой олиш учун келиб тушган аризалар 3500 тага яқинлашди. Минг афсуски, уларнинг ҳар бири учун бир йилда, бир вақтда субсидия ажратишнинг имконияти йўқ. Шу ўринда алоҳида қайд этишни истардим, субсидия ажратилиши бўйича берилган аризаларни кўриб чиқишда инсон фактори аралашмайди. Аризалар тегишли тартибда 10 та ташкилот (кадастр, солиқ, молия, ИИБ, ёшлар иттифоқи, тиббиёт бирлашмаси, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, тижорат банклари, аҳоли бандлигиги кўмаклашиш маркази) томонидан компьютер дастури орқали кўриб чиқилади ва хулоса берилади. Бугунги кунга қадар Самарқанд шаҳри учун белгилаган 772 та субсидияни олувчилар тасдиқланиб, ижобий хулоса берилган. 1252 та ариза рад этилган, 1298 та ариза комиссия томонидан кўриб чиқилган ва ижобий хулоса бериш мумкин, қачонки шаҳар учун яна қўшимча субсидия берилса.

Энг кўп келиб тушган мурожаатлар ер ва ер муносабатларига оид. Ушбу масала ҳам Юртбошимиз томонидан ечиб берилди.

Президентимизнинг 2021 йил 8 июнда қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони билан ер ва ер муносабатларига оид мурожаатлар бўйича ҳам ташвишларимиз анча камайди. Эндиликда биз ерларни тўғридан-тўғри ажратиш, захиралаш, ободонлаштиришга ажратиш ва бошқа ваколатларга эга эмасмиз. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид бир қатор ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинмоқда. Эндиликда ер олмоқчи бўлган фуқаро белгиланган тартибда аукционда қатнашиб, очиқ ва шаффоф танлов асосида ер олиши мумкин.