Ҳовлимдаги дарахтларни кесиш учун ҳам рухсатнома олишим керакми?
Гувоҳи бўляпмизки, мораторий ва бошқа чекловларга қарамай, жойларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда. Ҳатто айрим «уддабурон»лар жавобгарликдан қочишга уриниб, дарахтларни уларнинг танасига турли йўллар билан зарар етказиш орқали нобуд қилишгача боришяпти.
Хўш, бу билан жазони четлаб ўтиш мумкинми, умуман, табиатга етказилган зарар қандай аниқланади? Табиат ресурслари вазирлиги вилоят бошқармаси мутахассиси Шерали Искандаров шу ва бошқа саволларимизга жавоб берди.
— Вилоятимизда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани ростми? Қонунбузарларни жавобгарликка тортиш масаласи қандай бўляпти?
— Ҳақиқатан ҳам кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг дарахтларга шикаст етказиши, уларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари ҳақидаги хабарлар кўпайди. Бу биринчи навбатда фуқароларнинг табиатни асрашга бўлган масъулияти ошганидан дарак берса, иккинчидан, яшил флорани зарарлаш ҳолатлари ортганидан огоҳлантиради. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, шу йилнинг 1 майига қадар инспекторларимиз томонидан 188 та қонунбузарлик ҳолати бўйича жами 312 миллион 300 минг сўм жарима белгиланган. Ўтган йил давомида бу 461 тани ташкил этиб, қонунбузарларга жами 836 миллион сўмдан ортиқ жарима қўлланилган эди.
Аксарият қонунбузарлар ўз қилмишини турли йўллар билан яширишга уринаётгани ҳам бор гап. Ўрганишлар давомида баъзи тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ерни аввал баланд девор билан ўраб, кейин ундаги дарахтларни кесаётгани ёки уларнинг илдизига нефть маҳсулотларини қуяётгани аниқланмоқда. Айримлар эса ишни тунда битиришга уринади. Хусусан, Самарқанд шаҳри Спитамен шоҳкўчасидаги ҳолатда тадбиркор пиёдалар йўлагидаги беш туп Элдор қарағайини тунги пайтда кесиб олиб, унинг таг қисмини яшириш мақсадида устидан бетон плиталарни ётқизганлиги маълум бўлди. Кимёгарлар шаҳарчасида эса фуқаро эски болалар боғчаси ҳудудидаги уч туп ноёб Клён дарахтининг томирларини кесиб, уларни табиий ҳолда йиқилгандек кўрсатмоқчи бўлган. Албатта, қонунбузарликни бу тахлит яшириб бўлмайди, вилоятимиздаги ҳар бир ноёб дарахт ҳисобда туради ҳамда уларнинг нобуд бўлиши белгиланган тартибда ўрганилади. Юқоридаги ҳолатлар ҳам бундан мустасно эмас, айбдорлар жавобгарликка тортилди. Жумладан, уч туп ноёб дарахтнинг умрига зомин бўлган фуқародан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида жарима ҳамда ўсимлик дунёсига етказилган 34 миллион 500 минг сўм зарар ундирилди.
— Соҳага оид ахборотларда «табиатга етказилган зарар», деган жумлани кўп ўқиймиз. Кўпчиликни қизиқтираётган савол: бу зарар миқдори қандай аниқланади?
— Ҳуқуқбузарлик, аввало, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича кўриб чиқилиб, айбдорга жарима белгиланади. Мазкур ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар қиймати эса Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарори 4-иловасига асосан ҳисоблаб чиқилади. Бунда кесилган, кундаков қилинган ёки шикастлантирилган дарахтнинг диаметри, ёши ва қимматлилиги ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, бошқарма қошида махсус лаборатория мавжуд бўлиб, унда ўсимлик дунёси, сув, тупроқ ва шу каби 18 турдаги ингедридларнинг таҳлил намуналари асосида ўрганишлар олиб борилиб, уларга етказилган зарар даражаси аниқланади.
— Айтайлик, мен ҳовлимнинг атрофини ободонлаштириш учун кўчадаги 100 йиллик қайрағочни кесдим. Менга қанча миқдорда жарима белгиланади? Бу ҳолатда ишимга халақит бераётган дарахтни кесишнинг қонуний асоси борми?
— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 февралдаги 86-сонли қарори 15-иловасига асосан, жисмоний ва юридик шахслар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома олиш учун ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари лозим. Мазкур портал орқали электрон шаклда йўлланган мурожаатга асосан Табиат ресурслари вазирлиги ҳудудий бўлимлари давлат инспекторлари жойига чиқиб, ўрганиш ишларини олиб боради ҳамда 5 иш куни ичида портал орқали жавоб хатини тақдим этади.
Агар сиз ҳовлингиз атрофидаги 100 йиллик қайрағоч дарахтини тегишли рухсатномасиз, ноқонуний кессангиз, сизга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жарима қўлланилади. Шунингдек, ушбу қайрағоч соғлом бўлган тақдирда, ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳам ҳисобланади.
— Санитар ҳолатини йўқотган дарахт, деганда нимани тушуниш керак?
— Дарахтларга шакл бериш дарахтнинг ҳаво, ёруғликдан яхши баҳраманд бўлиши, озуқа моддаларининг ҳосилли новдаларда тўпланишига хизмат қилади. Шакл берилмаган дарахтлар санитар ҳолатини йўқотган ҳисобланади ҳамда улар кам яшайди ва кам ҳосил беради. Дарахтга шакл бериш жойнинг тупроқ, иқлим шароитларига, унинг тури ва навининг биологик хусусиятларига қараб бажарилади.
— Ўз ҳовлимдаги дарахтларни кесиш учун ҳам рухсатнома олишим керакми?
— Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарори 1-боб, 2-бандига мувофиқ, агарда бу дарахт сизнинг хонадонингиз кадастр чизмаси ҳудудида бўлса, рухсатнома талаб этилмайди. Сабаби, ушбу дарахт сизни шахсий мулкингиз ҳисобланади.
— Қурилиш учун ишлатиладиган терак ва бошқа шу каби дарахтларни кесиш учун-чи?
— Агар мазкур дарахтлар фуқаро ёки тадбиркорлик субъектининг мулки ҳисобланмаса ҳамда махсус плантацияларга экилмаган бўлса, рухсатнома олиш зарур. Юқоридаги ҳолатларда дарахтларни кесиш учун экологик назорат идораларининг хулосаси талаб этилмайди.
— Мен кўчада дарахт кесилаётганига гувоҳ бўлдим, дейлик. Бу ҳақда кимга ва қандай хабар беришим керак?
— Бунинг учун, энг аввало, яшаш ҳудудингиздаги Табиат ресурслари вазирлиги туман, шаҳар бўлимларига мурожат этиш тавсия этилади. Шунингдек, фуқаролар бошқарманинг (66) 229-37-77 «ишонч телефон»и ёки телеграмм каналидаги бот орқали мурожаат қилиб, қонунбузарлик ҳақида хабар беришлари мумкин. Мурожаатлар қисқа вақт ичида кўриб чиқилиб, фуқарога натижаси маълум қилинади.
Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.