Ҳудудга четдан инвестиция киритишда нима муаммо бор? Жамоат транспортида қачон сифатга эришилади?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг саксон иккинчи сессиясида шу саволлар ва шу каби бошқа масалалар бўйича муҳокамалар бўлди. Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.

Депутатлар дастлаб вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Шероз Собировнинг вилоятда 2022 йилда инвестициялар жалб қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳисоботини тинглади ва муҳокама қилди.

Қайд этилишича, 2022 йилда давлат ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида қиймати 11,5 трлн. сўмлик 1215 та лойиҳа ишга туширилган ва бунинг ҳисобига 22 043 та янги иш ўринлари яратилган.

- Жумладан, вилоятда давлат инвестиция дастури доирасида 93 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига барча маблағлар ҳисобидан 642,7 млн. доллар ўзлаштирилди, - дейди Ш.Собиров. - Вилоятда 2022 йилга мўлжалланган ишлар ортиғи билан бажарилган бўлса-да, 4 та туманда хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича режа бажарилмади. Мисол учун, Пахтачи туманида 2022 йилда 6 млн. доллар хорижий инвестициялар жалб қилиш белигилангани ҳолда амалда бор-йўғи 1,45 млн. доллар (24 фоиз) хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Пайариқ туманида эса 5 млн. доллар хорижий инвестициялар жалб қилиниши белгиланган бўлиб, амалда 1,5 млн. доллар (29 фоиз) жалб қилинди.

Ш.Собиров 2022 йилда вилоятда маҳсулотларни экспортга чиқариш бўйича қилинган ишлар таҳлили ҳақида ҳам ҳисобот берди. Таъкидланишича, 2022 йил якуни билан 587,3 млн. доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиб (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 128 фоиз), белгиланган режа 102 фоизга  бажарилган. 565 та корхона томонидан 60 та мамлакатга, шундан, 9 та янги бозорлар - Бразилия, Сингапур, Малайзия, Уммон, Тунис, Баҳрайн, Босния ва Герцеговина, Люксембург, Португалия давлатларига маҳсулотлар экспорт қилинган.

Депутатлар вилоятга инвестиция жалб қилиш ва экспортни кенгайтириш бўйича қилинаётган ишлар бугунги кун талаби даражасида эмаслигини билдириб, тизимдаги айрим камчиликларни танқид қилди. Хусусан, ҳар бир лойиҳа ижроси бўйича талабчанлик ўрнатилиши зарурлиги таъкидланди.

Ташқи савдо ишлари ва инвестиция киритиш фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар беришди.

Сессия ишида, шунингдек, депутатлар вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Қоржововнинг Самарқанд шаҳар жамоат транспорти тармоғини 2023 йилда ривожлантириш бош режаси ва уни амалга ошириш бўйича манзилли дастур бўйича тақдимоти ва ахборотини эшитди.

- Ушбу манзилли дастур вилоятда аҳолининг юқори сифатли ва қулай йўловчи ташиш хизматларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, соҳада бозор тамойилларини жорий этиш, хусусан, молиялаштириш тизими ва тариф сиёсатини такомиллаштириш орқали хусусий сектор учун жозибали бизнес муҳитини яратишга қаратилган, - дейди Ж.Қоржовов. – Унга кўра, 2023 йилнинг 1 августига қадар шаҳарда автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилади, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати босқичма-босқич йўлга қўйилади. 2024 йилнинг 1 январига қадар мунтазам шаҳар автобус йўналишида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташиш брутто-шартнома асосида ташкил этилиб, молиялаштириш тизими босқичма-босқич ишга туширилади.

Манзилли дастурга кўра, 2023 йил якунигача шаҳарлараро автовокзал қурилади, Самарқанд шаҳридаги 44 та кўча ва уларнинг бир-бири билан кесишма нуқталарида 181 та транспорт детектор (видеокузатув) қурилмалари ўрнатилади. Шаҳарга туманлардан кириб келувчи магистрал йўлларда 3 та қулай транспорт ўтиш боғламалари (автотураргоҳ) қурилади. Булар – “М-37 Самарқанд ҳалқа йўли – Самарқанд тумани паррандачилик фабрикаси”, “М-37 Самарқанд ҳалқа йўли – Қўндисўфи маҳалласи”, “М-39 Самарқанд ҳалқа йўли – Чумчуқли маҳалласи (бетонка круг)”.

Депутатлар манзилли дастурга ўз таклифларини билдириб, бугунги кунда вилоятда транспорт хизмати кўрсатиш, жумладан, жамоат транспортида кўплаб муаммолар борлигини таъкидлади. Бу борада бажарилиши зарур бўлган масалалар муҳокама марказида бўлди.

Сессия давомида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг вилоятдаги бозорларда қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва унга имконият яратган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаси юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари котибияти мудири Қ.Хушбоқовнинг ҳисоботини тинглади.

Қ.Хушбоқов тақдимномада кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” белгилангани, унда мавжуд муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш белгилаб олинганини таъкидлади.

- Кўпгина бозорларда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан савдо дўконлари қуриб олинган, - деди Қ.Хушбоқов. – Бу ҳолатга барҳам бериш мақсадида бир ой ичида Тойлоқ туманида 22 та, Жомбойда 54 та, Каттақўрғон шаҳрида 18 та, Каттақўрғон, Оқдарё, Пайариқ, Иштихон, Ургут, Нарпай, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида 6 тадан, Самарқанд шаҳридаги “Темир йўл деҳқон бозори” ва Булунғурда 4 тадан бозор ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний савдо дўконлари фаолияти бартараф этилади.

Сессияда, шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 30 декабрдаги VI-53-126-7-0-К/21-сонли ва 2022 йил 18 ноябрдаги VI-76-219-7-0-К/22-сонли қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатнинг депутатлик ваколатини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.