Ҳукуматнинг қарори ижроси кечикмайди(ми?)

Ўтган йили, аниқроғи 2021 йил 15 июнда Вазирлар Маҳкамасининг Пайариқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида қарори қабул қилинган эди.

2021-2022 йилларга мўлжалланган бу қарорда катта-катта режалар белгиланган. Жумладан, қарор билан умумий қиймати 741,1 млрд. сўмлик 92 та лойиҳани амалга ошириш ва 2550 та янги ўрни яратиш кўзда тутилган.

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, қайд этилган кўрсаткич ҳали ярмига ҳам етмаган. Амалда 67,70 млрд. сўмлик 63 та лойиҳа ишга туширилиб, 250 та янги иш ўрни яратилган. (Тахминан 10 фоизга яқин.)

Албатта, амалга оширилган ишлар йўқ эмас. Аммо бажарилмаганлари масала жиддий эътиборга муҳтожлигини кўрсатмоқда. Мисол учун, туман маркази ва Челак шаҳрида 25 километрдан оқова сув тармоқлари тортиш, 1 донадан оқова сувларни тозалаш иншоотлари қуриш,ишлари амалга оширилмаган.

Шунингдек, тумандаги ичимлик сув таъминоти оғир бўлган 5 та маҳаллада 7 та сув иншооти ва 27,3 километр ичимлик сув тармоқларини янгидан қуриш, Челак шаҳри атрофидаги ичимлик сув таъминоти оғир бўлган 4 та маҳаллада 4 та сув иншооти ва 16,9 километр ичимлик сув тармоқларини янгидан қуриш учун ҳали ҳам маблағ ажратилмаган.

Хўжа Исмоил маҳалласида қурилаётган объектлар учун ҳар хил диаметрли газ қувурлари тортилмаган.

Туманда 2 200 гектар томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган токзор майдонларга субсидия ажратиш чоралари кўрилмасдан қолмоқда.

Қарор ижросини таъминлашга 5 ой вақт қолди. Уни ижро этувчи мутасадди, мутахассис ва масъул кишилар ишни жадаллаштириш чораларини кўради, деб умид қиламиз.