“Human”дан жабрланганларнинг 931 нафари ўз пулларини олди

“Human” хусусий бандлик агентлиги томонидан амалга оширилган жиноий ҳаракатлар натижасида жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида МИБ, “Ипотекабанк” ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларга маблағларини қайтариб бериш бошланган ҳақида кеча хабар берган эдик.

21 февраль соат 18:00 ҳолатига кўра, жабрланувчи деб эътироф этилган ва моддий зарар ундирилиши белгиланган фуқароларнинг 931 нафарига 18,7 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари тўлаб берилди. Улардан 902 нафари пластик карта кўринишида, 29 нафари эса нақд пул шаклида олган.

Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусий бандлик агентлигидан жабрланганларга пул маблағларини тўлаб бериш жараёни давом этмоқда.