Ҳунар: Металлга бўрттириб тасвир тушириш ҳар кимнинг қўлидан келмайди

Ўзбек халқининг амалий санъати ўзига хос бой анъаналарга эга. Жумладан, бизнинг давримизга қадар етиб келган амалий санъат асарлари ранг-баранг ва хилма-хилдир. Булар кулоллик буюмлари, ипакдан, жундан тўқилган газламалар, ҳар хил гилам ва палослар, ёғоч ва металлдан ишланган уй-рўзғор ашёлари, гул чекиб ўйилган мармар тош буюмлари, бадиий кашта билан безалган сўзаналар, гулдор жияклар, зарҳал кашталар, турли хил дўппилар ва бошқалардир.

Аммо ўрта асрлардан бизга кўҳна Кавказ заминидан кириб келган, санъатнинг ноёб турларидан бири бўлмиш «Металлга бўрттириб тасвирларни тушириш яъни "чеканка" услуби ҳозирги кунда йўқолиб бораётган амалий санъат турларидан бири ҳисобланади. Айнан мана шу услубда ижод қилиб келаётган биз каби ёшлар сони Ўзбекистон ҳудудида саноқли, холос.

Амалий санъатнинг бу қайд этилган турлари ҳар манзилнинг ўзига хос маҳаллий хусусиятларига эга бўлиб, шакл ва нақш бўёқларида акс эттирилади. Бу эса усталар орасида ўзига хос ишлов буюмлари ва хилма-хил безаш асбоблари мавжудлигидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг қўл-ҳунар санъатида мис буюмларига бадиий нақш ўйиш касби алоҳида ўрин тутади. Асосан бу ҳунар кўпроқ Қўқон, Қарши, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива шаҳарларида ривож топган наққош мискар усталар томонидан нозик шаклларда ажойиб ишланган чой идиш, қумғон, чойнак, баркаш, кулдон, патнислар ва хилма-хил буюмларни ҳар бир хонадонда учратиш мумкин. Шу жумладан, бугунга қадар бизнинг мамлакатимизда «чеканка» услубида ҳам ишланган бир қанча асарларни кўришимиз мумкин, улар энг юпқа тунука, мис ва латунь металларида ишланганлиги билан юқорида келтирилган ўймакорлик санъатидан тубдан фарқ қилади.

Ушбу йўналишда ижод қилиб келаётганимга 15 йил бўлди. Республикамиз миқёсида фақатгина синглим ва мен шу йўналишни ривожлантиришга астойдил киришганмиз. Европа мамлакатларида тубдан ривожланиб келаётган ушбу санъат йўналиши бизда ҳам охирги 10 йиллар мобайнида ривожланмоқда.

Асли эркак кишининг кучини талаб этадиган ушбу йўналишда ижод қилишимиз авваллари эриш туйилган бўлса бугунги кунга келиб миллийлигимизни уйғунлаштириб, европача йўналиш яратилганли энг катта ютуқларимиздан бири деб ҳисоблайман.

Амалий санъатнинг бу йўналиши катта куч, сабр-тоқат, мустаҳкам асаб, юксак қунтни талаб қилувчи ҳунардир. ХIХ асрдан бошлаб тарғиб этилган, асли ўймакорликнинг бир турига кирадиган «чеканка» услуби бугун бизнинг меъморчилик ишларимизда, амалий санъат кўргазмаларида фойдаланилиб юқори баҳоланиб келинмоқда.

Эсимда, болалигимда дадам ушбу йўналишда жиддий ижод қилар ва ноёб асарлар яратарди. Шундай муҳитда улғайганимиз сари синглим ва менинг «чеканка» яратишга бўлган меҳримиз ортишни бошлаган. Бола тарбиясида ҳунар ўрганишнинг таъсири, ҳалол меҳнат каби ахлоқий тушунчалар шубҳасиз юксак маъно касб этади. Бу билан инсонлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантиришга, турмуш даражасини тараққий эттиришга яхши далиллар келтирилади.

Кайковус ўз замонасининг фарзандлари меҳнатсиз, илм-ҳунарсиз на илм чўққисига, на маърифатга эга бўлиши мумкин эмаслигини ўзининг ҳаётий тажрибаси орқали тушунтиради. У: «Билимни эгалламоқ учун меҳнат қилиш, баданни дангасаликдан қутқариш фойдалидир. Чунки дангасалик, ишёқмаслик баданнинг бузилишига, касалланишига сабабчи бўлади. Агар меҳнат қилиб баданни ўзингга бўйсундирмасанг, соғлом ва баланд мартабали бўла олмайсан...» , деган эди.

Касб ва ҳунар ёшлар вақтининг беҳуда ўтишига йўл қўймайди. Ҳунар ва касб ўрганиш ёшларни ҳар қандай ножўя хатти-ҳаракатлардан холи қилади. Ҳаётда учраган қийинчиликлар оқибатида туғилиши мумкин бўлган ёмон фикрлардан қайтишга ўргатади.

Нафосат Қурбонова,

профессионал ҳунарманд-рассом, «Евроосиё бадиий ижодкорлари» уюшмаси аъзоси.