Ҳуқуқий маслаҳат беришда Аdvice.uz етакчи

2019 йил якунланмоқда. Фуқароларга қонунчилик янгиликлари, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида жорий йилда қатор тарғибот ишлари амалга оширилди, тадбирлар ташкил этилди.

Шулардан асосийси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижросига кўра, Аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизими яратилганлигидир.

Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг турли идораларга мурожаат қилишини кескин камайтириш, кундалик ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган турли муаммоли масалаларнинг қонуний ечимини топишга кўмак бериш мақсадида бепул маслаҳат берувчи, турли ҳаётий ҳолатлар бўйича ҳуқуқий ечим таклиф этиладиган ва давлат хизматлари кўрсатишга хизмат қиладиган ушбу электрон тизим ҳар томонлама тезкорлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Сайтнинг ҳозирда ҳам веб, ҳам мобил версиялари мавжуд бўлиб, у фуқароларга исталган жойдан ўзларига қулай тарзда маълумот олиш имконини беради.

Advice.uz шу кунгача Ўзбекистон тарихида ўхшаши бўлмаган интерактив сайтдир. Унда инсон ҳаёти давомида дуч келиши мумкин бўлган деярли барча ҳуқуқий саволлар жавоблари ўрганилган. Шу билан бир қаторда, фойдаланувчилар онлайн режимда савол бериб, жавоб олишлари мумкин бўлган онлайн мулоқот тизими ҳам бор. Бу ўзига хос ҳуқуқий тез ёрдамдир.

Мазкур ҳуқуқий ахборот сайти орқали меҳнат қонунчилиги, чет элда ишлаш тартиби — миграция, паспорт тизими, оила муносабатлари, уй-жой, коммунал хўжалик, фуқаролар тадбиркорлиги, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, банк, солиқ масалалари, транспорт соҳасидаги қонунчилик, давлат хизматлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, таълим қонунчилиги, суд-ҳуқуқ масалалари, ҳуқуқий ҳимоя, мажбурий ижро бюроси, низоларни ҳал қилиш каби йигирмага яқин ҳуқуқий масалалар ҳақида маълумот олиш мумкин.

Элбек ДАВРОНОВ,

Пахтачи тумани адлия бўлими бошлиғи.