Ибратли ҳикоя: Машинадаги сурат

Йиғилишга жуда шошиб кетаётгандим. Йўлга чиқиб, машиналарга қўл кўтардим. Оқ “Ласетти” тўхтади. Машина ичига разм солдим. Кўзим олд ойнанинг бурчагига бириктирилган суратга тушди. Оппоқ рўмолдаги юзлари нурли онахон сурати турарди.

— Онангизми? — сўрадим ҳайдовчидан.

— Ҳа, — деди йигит.

— Узр, ҳаётмилар?

— Худога шукр, - сўнг сўради. - Нега қизиқдингиз?

— Ўзим, узр…

Бироз сукунатдан кейин йигитнинг ўзи гап бошлади:

— Биласизми, кўпчилик қизиқади нега суратни ёпиштирдинг, деб. Икки сабаби бор. Бири — катта тезликни яхши кўраман. Машина кам йўлга тушиб қолсам оёғим беихтиёр  қаттиқроқ газни босади. Онамнинг суратларига кўзим тушгач эса тезликни камайтираман. Битта ўғилман, менга бир нарса бўлса онам ғамни кўтара олмайди, деб қўрқаман…

— Иккинчи сабаби-чи, — деб сўрадим.

— Иккинчиси ва асосийси, онам доим кўз олдимда. Кўчадаги ишлар, ташвишлардан сиқилиб кетсам, уларнинг юзларини кўриб барчасини орқага ташлайман.  Онам суратини куни билан кўрсам ҳам қаттиқ соғинаман барибир. Уйга шошиламан. Пешонамдан ўпиб кутиб олишларини тасаввур қилсам ишларимни янаям тезроқ битиришга уринаман.

— Соғинсангиз тез-тез телефон хам қилиб турасизми?

— Албатта. Икки соатдан ортиқ овозларини эшитмасам ўзимни қўярга жой тополмайман.

— Яхши…

Ичимда эса “Мақтанчоқ эканми, гўёки бошқалар онасини яхши кўрмайди”, деган хаёл келди. Ўйлай бошладим ва у билан ўзимни беихтиёр солиштирдим: Онамнинг расмлари йўқ ёнимда, папкалар ичида чанг босиб ётганини айтмаганда. Уйга ҳам бу йигитдек шошмайман. Телефонда эса…

Шу пайт унга қўнғироқ бўлди. Мендан узр сўраб машинани четга олди. Узоқ гаплашгани йўқ, лекин жуда хушмуомала бўлиб гапирарди. Унга разм сола бошладим. Телефонда гаплашяпти-ку ҳар сафар “Хўп бўлади” деганда эгилиб кетай деяпти, гўёки онаси қаршисида тургандек. Кўзларида эса қувончни кўрса бўларди. Худди ёш болакай онасига талпингандаги қувончдек. Фарқи шунда эдики, ёнимда ёш бола эмас, кап-катта йигит ўтирар эди. У болаликдаги ўша меҳрни сақлаб қолган эди. Унга ҳавасим келарди.

Агар бу йигитни онамлар кўрганларида эди — унинг онасига уларнинг ҳам ҳаваслари келиши аниқ эди. Ёки мендан қаттиқ ўксинардилар, шу йигитчалик эътиборли бўлмаганим учун. Негадир ичимдан бир аччиқ нарса тошиб кела бошлади. Овозим бўғилиб, ҳиқилдоғимга келиб тақалди. Манзилга қандай етиб борганимни билмайман. Мажлисда ҳам игнанинг устида ўтиргандек бўлдим.

Тушлик пайти уйга шошдим, қўлимда онам севган гуллардан гулдаста. Уйга яқинлашганим сайин кайфиятим кўтарила бошлади. Мен жуда хурсанд эдим, онамни эса қанчалик севинишларини ўйлаб, юзимда табассум билан эшик қўнғироғини чалдим.

— Ассалому алайкум, онажон.

— Ва алайкум ассалом. Тинчликми, бу пайтда келмасдинг-ку? — хавотир олиб сўрадилар.

Орқамда яшириб турган гулдастани узатдим:

— Сизни жуда соғиниб кетдим...

Манба