Ибратли ҳикоя: Ота-она сотилади: ота - 70 ёшда, она - 65 ёшда

Бу Японияда бўлган. Токиодаги пойтахт газеталаридан бири қуйидаги мазмундаги эълонни жойлаштирди: “Ота-она сотилади: ота - 70 ёшда, она - 65 ёшда. Нархи 1000 иена, бир иена ҳам кам эмас!”.

Ғалати эълонни ўқиган одамлар ҳайрон бўлди: «Қанақа, кунларга қолдик! Болалар аллақачон ўз ота-оналарини сотишмоқда-я!». «Ҳукумат бунга қандай рухсат берди?!» эътироз билдира кетди улар. Эълон шов-шувга сабаб бўлиб, ушбу сенсация уйларда ва кўчада муҳокама қилина бошланди.

Эълон чиққан газета яқинда автоҳалокатда вафот этган севимли ота-онасини эндигина дафн қилган ёш оила қўлига тушди. Кимнингдир ота-онасини сотиш истаги мотамда бўлган жуфтликка ҳақоратли туюлди. Улар бечора ота-она бу ҳолатда ўзини қанчалик бахтсиз ҳис этишини тасаввур қилишди. Ахир бундай фарзандлардан нимани кутиш мумкин? Шундай дейишди-ю, ёш оила кексаларни сотиб олишга қарор қилди.

Керакли миқдордаги маблағни олиб, эр-хотин газетада ёзилган манзил томон йўлга чиқди. Белгиланган жойга етиб келганларида, улар гуллар билан ўралган ҳашаматли боғли кошонага дуч келишди. Рекламада хатолик бор деб ўйлашди,манзилни текшириб кўриб, барибир қўнғироқ тугмачасини босишга қарор қилишди.

Эшикни ёқимли табассум билан кекса бир жаноб очди. Улар унга газетадаги эълон бўйича келганиўзлари яқинда ота-оналарини йўқотиб, кекса эр-хотинни сотиб олишга қарор қилгани ҳақида гапира бошлади. Эркак уларни қизиқиш билан тинглади, лекин ҳеч нарса демади. Эр-хотин нотўғри манзилга тушиб қолгани ва жанобни безовта қилганликлари учун кечирим сўраб, кетмоқчи бўлиб турганди. У сўз бошлади:

- Йўқ, сиз адашмадингиз, уйга киринг! — таклиф қилди ҳаяжонланган чол. - Ҳозир хотинимни чақираман.

У тезда хотини билан қайтиб келди ва тушунтира бошлади:

- Биласизми, биз бу уйнинг эгасимиз. Бошқа қимматбаҳо мулкларимиз ҳам йўқ эмас. Фарзандларимиз йўқ, лекин биз ўз бойликларимизни яхши одамларга қолдирмоқчимиз. Шунинг учун унга фақат муносиб одам жавоб беради, деб ўйлаб, бундай эълонни беришга қарор қилдик. Тўғрисини айтсам, бундай мато”га харидор топилишига ҳам шубҳа қилгандик. Сизнинг тилагингиз ҳурматга сазовор ва бизга қувонч келтирди. Энди барча нарсаларимизни мерос қилиб қолдиришга арзийдиган одамларимиз борлигига ишончимиз комил...

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.