Ибратли ҳикоя: Оёқ остидаги бахт ва бахтсизлик

Бир одамнинг уч орзуси бор экан. У катта маошли иши, гўзал турмуш ўртоғи бўлишини ва оламга машҳур бўлишни хоҳларкан.

Кунларнинг бирида ўша одам таниқли фирмага ишга кириш учун отланибди. Йўлда кетаётганида унинг йўлида бир қария ёмон йиқилиб тушибди. Агар унга ёрдам бериб, ғамхўрлик қилсам қабулга кечга қоламан, бу бир пиёниста бўлса керак, деб хаёлидан ўтказиб, қарияга ёрдам бермабди. Аммо у барибир ишга қабул қилинмабди, суҳбатдан ўта олмабди.

Кунларнинг яна бирида кўчада сайр қилиб юрса, кўча артистлари ажойиб томоша кўрсатаётган экан. У маза қилиб томошани кўрибди. Атрофдаги одамлар артистларни олқишлашибди. У бўлса йўлида давом эта бошлабди. Шунда унинг ёнига кампир киёфасидаги актриса югуриб келиб томоша ҳақидаги фикрини сўрабди. Ҳалиги одам кампирдан жирканиб, жавоб бермасдан кетиб қолибди.

Яна бир ёмғирли кунда у одамнинг кўзи унинг уйи олдидаги ўриндиқда йиғлаб ўтирган бир юпун аёлга тушибди. Аёл ундан бир тунга бошпана сўрабди, лекин у одамнинг аёлга ёрдам бергиси келмабди ва шошилиб, иссиқ уйига кириб кетибди.

Йиллар ўтиб, ўша одам бир умр рўшнолик кўрмай оламдан ўтибди ва у дунёга борганида фариштага ҳаётини нолиб сўзлаб берибди.  "Эсингдами, - дебди фаришта, - йиқилиб тушган қария сендан таянч истаб қўлини чўзганди, ўша қария сен ишга жойлашмоқчи бўлган фирма бошлиғининг отаси эди. Сенинг орқангда эса унинг ўғли отаси томон шошиб келаётганди... Актриса кампирни эслайсанми? У аслида гўзал, ёш аёл эди, у сени ёқтириб қолганди, у сени бахтли қилиши мумкин эди, сен рад этдинг... ва ниҳоят эшигинг ёнида сендан бошпана сўраган аёл ёдингдами? Ўша аёл машҳур адиба эди, у ўша куни ниҳоятда далдага муҳтож эди... сен унга ёрдам берганингда, шубҳасиз, сен ҳақингда "энг яхши инсон" дея достон ёзарди... Афсуски, сен ҳеч кимга ёрдам бермадинг. Агар уларга ёрдам берганингда ҳамма орзуларинг амалга ошган бўлар эди ва бу яхшиликларингни ажр-савоби бу дунё жаннатига йўл очар эди... " - дебди.

***

Хулоса: Икки дунё саодатини қилган яхши амалларингиздан топасиз.

Манба.