Ибратли воқеа: Муҳтожнинг "муҳтож"га савоби
Бозорга бораётган эдим. Одамлар гавжум ўтадиган кўча бошида йўлак четидаги панжарага бир унниқиб кетган қалин жемпер илиб қўйилибди. Этагига бир қоғоз қистирилган, унга йирик-йирик ҳарфлар билан қўлда нималардир ёзилган эди.
Ўтган-кетган бир оз тўхтаб, ўқиб, сўнг йўлида давом этарди. Бу ҳоалт менинг ҳам диққатимни тортди. Тўхтаб, ўқий бошладим:
"Мен муҳтожман. Нимагадир кейинги пайтлар хеч ким менга қарамай қўйди. Бошқалар мендан ҳам муҳтожроқ бўлиб қолгандир, деб ўйладим. Бу қиш кунлари кимдир совуқдан дийдираб юрган бўлса, олсин, кийсин, деб бор-йўғим - битта жемперимни илдим. Олганга хурсанд бўламан, Аллоҳ ёрдамчиси бўлсин", деб ёзилган эди қоғозда.
Ичимда бир нима ғимирлади... Сўнг кетдим.
Юмушларимни битириб, шомга яқин яна шу йўлдан ўтдим. Бояги жемпер ҳам, ёзув ҳам хаёлимдан кўтарилган экан, одамларнинг тўпланиб тургани эсимга туширди.
Узун панжаранинг уч-тўрт метр қисмига ёзги-ю қишки турли-туман кийим - кўйлаклар, костюм-шимлар, жемперлар, пальтолар, қалпоқлар... илиб ташланган, бари тоза, қимматбаҳо экани кўриниб турар эди. Панжарага тақаб қўйилган катта қоғоз қути оёқ кийимлари-ю бошқа яна нималардир билан лиқ тўла.
Тўпланганларнинг кўзи қути қопқоғига ёпиштирилган катта қоғоздаги ёзувларда. Ҳамма ўқиб, муҳокама қилар эди.
Қизиқиб, мен ҳам кўз югуртирдим:
"Мен бойман. Кийимларим ҳам кўп. Қишда совқотмайман. Аммо хатингни ўқиб (уни худди менга ёзгандайсан), ўзимни яхшиликка сендан кўра муҳтожроқ ҳис этдим. Совуқдан жунжикдим гўё. Сен қолдирган жемперни олиб кийган эдим, танамга илиқлик югурди. Умримда бунақа илиқликни туймаганман. Энди бу жемперни ҳар қишда кияман! Ўрнига уйдаги бор кийимимни олиб келиб илдим. Булар сенинг ва сен каби яхши инсонларнинг ҳақи. Адашиб, менда тўпланиб қолибди. Олиб ҳақингни ҳалол эт, дўстим!".
Бозордан кийим-кечак олиб қайтаётган эдим. Ичимда бир нима ғимирлади. Оғир елим халтани у қўлимдан бу қўлимга олиб, йўлимда кетавердим...
Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН.