Ибратли воқеа: Уч элак ҳақида ривоят
Бир киши донишманддан сўради:
- Дўстингиз сиз ҳақингизда нима деганини айтайми?
- Шошма, - деди донишманд, - аввал айтмоқчи бўлган гапингни учта элакдан ўтказ...
- Учта элак?.. Нима дегани у?
- Бирор гапни айтишдан олдин, уни учта элакдан ўтказиш лозим. Аввал ҲАҚИҚАТ элагидан. Айтмоқчи бўлган гапинг ҳақиқат эканлигига ишончинг комилми?
- Йўқ, мен уни шунчаки эшитдим, холос.
- Демак, сен унинг рост ёки ёлғонлигини билмайсан. Энди иккинчи – ЯХШИЛИК элагидан ўтказамиз. Сен менга дўстим ҳақида бирор яхши гапни айтмоқчимисан?
- Йўқ, аксинча.
- Демак, - давом этди донишманд, - сен менга ҳақиқатлигини билмай туриб ёмон хабарни етказмоқчисан. Энди учинчи элакдан ўтказамиз – ФОЙДА элаги. Сенинг гапингни эшитишим шартми, у менга фойда келтирадими?
- Йўқ, ҳожати йўқ.
- Демак, - хулоса қилди донишманд, - сен етказмоқчи бўлган хабарда ҳақиқат ҳам, яхшилик ҳам, фойда ҳам йўқ экан. Унда уни менга айтиб нима қиласан?