Ибратли воқеа: "Юзингизни яхшилаб эслаб қолмоқчиман"

Кўрсатув бўляпти. Телебошловчи бир миллионер меҳмонидан сўради:

- Ҳаётингизда сизни энг кўп нима бахтиёр қилган?

- Бахтиёрликнинг тўрт босқичидан ўтдим ва ниҳоят чин бахт нималигини англадим.

Биринчиси, нарса тўпладим. Кўпайтирдим. Тўймадим.

Иккинчиси, қимматбаҳо нарсаларни сотиб олдим. Янада қимматини, янада қимматини. Лекин унинг ҳам мазаси вақтинча бўлди, холос.

Учинчиси, катта-катта лойиҳаларни сотиб олдим. Футбол командасими-ей, саёҳатчилар учун оромгоҳларми-ей. Лекин барибир ўзим кўзлаган ва кутган бахтга эришолмадим.

Тўртинчиси, бир дўстим ногирон болалар учун ўзиюрар аравачалар сотиб олишга улуш қўшишимни сўради. Мен дарҳол рози бўлдим.

Ўша дўстим, совғани болаларга ўзинг бориб, ўз қўлинг билан топширасан, деб оёқ тираб туриб олди. Ноилож бордим. Болаларнинг хурсанд бўлиб, аравачаларда у ёқдан-бу ёққа учиб юрганларини кўрдим. Улар худди бир ўйингоҳларда юргандек қувнашарди.

Болаларнинг қувнаганини кўриб, ўзим ҳам яйраб кетдим.

Шундан кейинги ҳолат эса бу бахтиёрликни қалбимнинг ич-ичигача олиб кирди. Кетмоқчи бўлиб турганимда болалардан бири оёғимга маҳкам осилиб олди. Оёғимни беозоргина олмоқчи бўлсам, у янада қаттиқроқ ёпишарди. Ўткир нигоҳи юзимга қадалган эди. Ҳайрон бўлиб сўрадим:

- Тойчоғим, сенга яна бирон нарса керакми?

Бу беғубор, бегуноҳ, юзида чин маънодаги бахтиёрлик нишоналари акс этиб турган хилқатнинг сурурбахш, умидбахш жавобига қулоқ солинг-а:

- Отажон, жаннатда сизни учратганимда Парвардигоримнинг қошида сизга миннатдорчилик билдиришим учун юзингизни яхшилаб эслаб қолмоқчиман.

"Дод!", деб юбордим. Кўп йиғладим. Бир тарафдан унинг хурсандлигидан, иккинчи тарафдан эса ўзимнинг бахтиёрлигимдан ҳушимни йўқотиб, ерга қулай дедим...

Ё Аллоҳ! Мен қандай ҳаёт кечирдим? Нималар қилдим? Ўйин-кулги, кайфу сафо, исрофгарчиликлар... Ҳамма-ҳаммаси сариқ чақага арзимайди. Ўзим ҳам бахтли бўлолмадим, бировни ҳам бахтли қилолмадим.


Муқим Маҳмуд.


•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Яқинларингизга улашинг!👇
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA