Ичимлик сув тармоғи янгисига алмаштирилади

Кеча, 3 сентябрь куни сайтимизда "Кўчамиздан ўтган сув қувури сифатсиз таъмирланди, йўлларимиз абгор ҳолга келди"сарлавҳаси остида танқидий мақола берилган эди.
Унда Самарқанд шаҳар Янгиқўрғон маҳалласи Гумбаз кўчасида диаметри 1000 миллиметр бўлган сув қувурининг сифатсиз таъмирлангани оқибатида яна сув отилиб чиқаётгани, таъмирланган жой бир неча ойдан бери текислангани ҳам, аввалги ҳолатига келтирилгани ҳам йўқлиги билдирилганди.
Ушбу мурожаат юзасидан "Самарқанд сув таъминоти" акциядорлик жамияти Самарқанд шаҳар бўлими жавоб хати йўллади.
"Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 800 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлиб, Президент қарори ва Давлат дастурига асосан маънан эски тармоқлар янгисига алмаштириляпти.
Президентимизнинг 2024 йил 29 ноябрдаги ПҚ-407-сонли қарорига асосан "Самарқанд сув таъминоти" АЖ шаҳар филиалига қарашли "Мўлён" сув тақсимлаш иншоотидан Сартепа ҳудудигача бўлган қисмида диаметри 1000 миллиметрли ичимлик сув тармоғи ҳам янгиланиши белгиланган ва юқорида мурожаат қилган маҳалла ҳудудидаги ҳам тармоқ тортилади.
Айни кунда ушбу манзилда юзага келаётган носозликлар бригадалар томонидан бартараф этиб келинмоқда", дейилади жавоб хатида.