ИИВ 10 нафар "хавфли шахс"га қидирув эълон қилди

Ўзбекистон ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бир гуруҳ шахсларга нисбатан қидирув эълон қилинганлиги ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, улар халқаро экстремистик гуруҳлар фаолиятига қўшилиб, уларнинг ҳаракатларида иштирок этмоқда ва миллий ҳамда умуминсоний хавфсизликка раҳна солишмоқда.

ИИВ мазкур шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлганлардан ҳудудий ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақами орқали хабар беришларини сўради.

"Интернет бугунги кунда бутун дунёдаги вазият ҳақида сониялар ичида чексиз маълумотларни улашмоқда. Улар орасида эса халқаро тинчликка хавф солувчи, инсонлар ўртасида шафқатсизлик ва террорни тарғиб этувчи маълумотлар ҳам жуда кўп. Интернет фойдаланувчилари эса, энг аввало, мана шу маълумотларни ўз зеҳни билан фарқлай олиши зарур. Акс ҳолда алдов қурбони бўлиб, ёш умри, саломатлиги ва куч-қувватини, уруш ўчоқларида, террорчи ташкилотларнинг ҳарбий лагерларида хазонга айлантириш ҳеч гап эмас", дейилади хабарда.