ИИВ Самарқанд академик лицейида “Намунали ўқитувчи” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейида, вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбариятининг ташаббуси билан лицейда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ўртасида “Намунали ўқитувчи” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов Давлат таълим стандартлари талаблари асосида янги педагогик технологияларни дарс жараёнларида муваффақият билан қўллаётган, ташаббускор, жамоада намуна кўрсатаётган ўқитувчиларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Фарҳод Хатамов лицей ўқувчиларини чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда лицей педагогик жамоасининг билими ва меҳнатини эътироф этди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, 1-ўринга инглиз тили фани ўқитувчиси Самариддин Маннобов, 2-ўринга рус тили фани ўқитувчиси Юлдуз Нарзуллаева, 3-ўринга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Орзиқул Тўрақулов лойиқ деб топилиб, бошқарманинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.